Таиланд ҳукумати коронавируснинг кенг тарқалиши сабабли 11 март, чоршанба куни, Ўзбекистон фуқаролари учун кириш визасини беришни тўхтатди. Бу ҳақда Reuters хабар қилмоқда.

Фото: Reuters

Маълум бўлишича, Таиланд ҳукумати Ўзбекистондан ташқари яна 17 мамлакат фуқаролари учун ҳам кириш визаларини беришни тўхтатган. Улар қаторидан Болгария, Бутан, Эфиопия, Фижи, Грузия, Кипр, Мальта, Мексика, Науру, Папуа Янги Гвинея, Россия, Руминия, Саудия Арабистони, Вануату, Хитой ҳамда Қозоғистон ўрин олган.

Таъкидланишича, рўйхатдаги мамлакатлар орасидан Ўзбекистон, Қозоғистон, Эфиопия, Фижи, Науру, Папуа Янги Гвинея, Вануатуда коронавирус ҳолати қайд этилмаган. Виза беришга қўйилган чекловлар қанча вақт давом этиши маълум қилинмаган.

Чеклов жорий этилгунга қадар ушбу мамлакатлар ва ҳудудларнинг фуқаролари паспортлари ёки йўл ҳужжатлари билан Таиланддаги иммиграция пунктларига етиб борганида, виза олиш учун мурожаат қилиши мумкин эди.

Таиланд ички ишлар вазири томонидан маълум қилинишича, Жанубий Корея, Италия, Гонконг фуқаролари учун барча турдаги визалар бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус тарқалган 14 давлатдан келган фуқароларни карантинга олиш ҳақида қарор қабул қилинган. Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистонга Таиланддан келган фуқаролар, хусусан, экипаж аъзолари, локомотив бригадалари, темир йўл транспорти фаолияти билан боғлиқ шахслар ва халқаро автоуловларда юк ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчилар яшаш жойларидаги даволаш-профилактика муассасалари шифокорлари томонидан 14 кун мобайнида тиббий кузатувга олинади. Уларга аҳоли оммавий тўпланадиган жойларга бормаслик, одамлар билан мулоқотни мумкин қадар камайтириш тавсия қилинади.

Аввалроқ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов мамлакатда коронавирус бўйича ўтказилган 1760 та лаборатория таҳлилининг бирортасида ҳам вирус аниқланмаганини маълум қилган эди. Шунингдек, вазир Ўзбекистонга коронавирус кириб келмаганини таъкидлаган ҳамда у кириб келган тақдирда, уни яшириш имконсиз эканлигини айтган.