Хитойда янги турдаги COVID-19 коронавируси оқибатида вафот этганлар сони 3158 кишига етди, касалликни юқтириб олганлар сони эса қарийб 81 мингга яқинлашиб қолган. Бу ҳақда Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси хабар берди.

Фото: Reuters

«Соғлиқни сақлаш бўйича миллий комиссия 31 та провинцияда 80 778 кишида коронавирус аниқлангани тўғрисида маълумот берди. Ҳозирги вақтда уларнинг 16 145 нафари касал (4492 нафарининг аҳволи оғир), 61 475 киши даволанишга муваффақ бўлган, 3158 киши эса вафот этган», — дейилади хабарда.

Ўтган бир сутка ичида Хитойда 24 кишида коронавирус аниқланган, 1578 кишига шифохонадан жавоб берилган, Хубэй провинциясида 22 киши вафот этган.

Шунингдек, касалликка чалинганлар билан алоқада бўлган 14,6 мингга яқин одам назорат остида қолмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 113 минг кишидан ошиб кетган. Даволанишга муваффақ бўлганлар 63 578 кишини ташкил этмоқда.