17:08, 11.03.2020 // 19270

Хитойнинг коронавирус тарқалиш марказида карантин қисман енгиллаштирилди

2019 йилнинг охирида COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалиши бошланган Хитойнинг Хубэй провинцияси расмийлари илгари киритилган чеклов чоралари бирмунча енгиллаштирилганини эълон қилди, деб ёзади «РБК».

Фото: Reuters

COVID-19 инфекциясини юқтириш ҳолатларининг сони сезиларли даражада қисқариши фонида провинция ҳукумати ўз фуқароларининг ҳаракатига тақиқни қисман олиб ташлашга ва жамоат транспорти фаолиятини тиклашга қарор қилди.

Аҳолига Хубэй провинциясини тарк этишга рухсат берилмайди, бироқ, одамлар унинг ичида бемалол ҳаракатланиши мумкин.

Аммо, бу ҳуқуқ ҳаммага ҳам берилавермайди. Фақатгина мобил дастур орқали QR-код олганлар провинция ичида эркин ҳаракатланиши мумкин. QR-код билан унинг эгаси COVID-19 инфекциясини юқтирганлар ёки юқтирганликда гумонланувчилар билан алоқада бўлмагани тасдиқланади.

Беморлар билан мулоқотда бўлганлар сариқ QR-код олади, улар ўзлари яшайдиган пункт ичидагина ҳаракатланиши мумкин бўлади. Қизил рангдаги QR-код эгалари эса коронавирусни юқтирганлар ҳамда юқтирганликда гумонланувчилар бўлиб, улар аввалгидек карантинда қолади.

Бундай схема Хубэйнинг ўрта (50 нафардан кам бўлмаган коронавирусни юқтирганлар аниқланган тақдирда) ва паст (икки ҳафта ичида бирорта касалланиш ҳолати аниқланмаган) даражали хавф остида бўлган шаҳар ва туманларида ишлайди.

Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълумотларига кўра, 10 март куни Хубэйда коронавирусга чалинишнинг 13 та янги ҳолати аниқланган. Беморларнинг ҳаммаси провинция маркази Уханда яшайди. Ушбу шаҳарда ҳалигача юқори хавф даражаси мавжуд, шунинг учун бу ерда одамларнинг эркин ҳаракатланишига рухсат берилмайди.

Яшил QR-кодлар эгаларининг вилоят бўйлаб ҳаракат қилиш имкониятини таъминлаш учун хавф даражаси ўрта ва паст ҳудудларда йўловчи поездлари, автобуслар ва дарё транспорти ҳаракати аста-секин тикланади.

Шу туфайли Хубэй ҳукумати илгари тўхтатилган корхоналарда ишлаб чиқаришни қайта бошлашни режалаштирмоқда. Қонунларда қуйидагилардан ташқари барча компанияларга ишни қайта тиклашга рухсат берилган:

  • Кинотеатрлар
  • Интернет-кафелар
  • Спорт ва рақс заллари,
  • Умумий овқатланиш шохобчалари китоб дўконлари
  • Гўзаллик салонлари
  • Умумий ҳаммомлар ва бошқа бир нечта муассасалар;

Эслатиб ўтамиз, Хитойда янги турдаги COVID-19 коронавируси оқибатида вафот этганлар сони 3158 кишига етди, касалликни юқтириб олганлар сони эса қарийб 81 мингга яқинлашиб қолган.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 113 минг кишидан ошиб кетган. Даволанишга муваффақ бўлганлар 63 578 кишини ташкил этмоқда.

Хитой Соғлиқни сақлаш ишлари бўйича давлат комиссияси мутахассисларининг сўзларига кўра, вирус тарқалишининг олдини олиш учун чегараларда санитар назоратни кучайтириш ҳамда эпидемия тарқалган хорижий мамлакатлардан кириб келаётганлар учун қатъий карантин сиёсатини белгилаш зарур.

Энг кўп ўқилган

Қидирув