Алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш коронавирус инфекциясидан сақлай олмайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Дарё»га маълум қилди.

Фото: Telegram

Таъкидланишича, дунёда коронавирус инфекцияси (COVID-19) бўйича эпидемик вазиятдан келиб чиққан ҳолда мамлакатда ушбу инфекциянинг кириб келиши ва унинг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу борада аҳолининг санитария-гигиена қоидаларига амал қилиши ва профилактик чоралар кўриш борасида SMS хабарномалар йўллаш тизими йўлга қўйилди.

Уларда, асосан, қўлларни тез-тез яхшилаб ювиш, шамоллаган одамлар билан мулоқот қилмаслик, юзни қўл билан ушламаслик, жамоат жойларга боришни камайтириш, йўталганда ва аксирганда оғиз ва бурунни ёпиш каби оддий, аммо муҳим гигиеник қоидалар бериб борилмоқда.

«Афсуски, ушбу SMS хабарларни нотўғри талқин қилиш, мазмунини сунъий равишда ўзгартириб бериш орқали аҳоли орасида ваҳима уйғотаётганлар ҳам учрамоқда. Жумладан, ижтимоий тармоқларда вазирлик номидан ‘коронавирусдан сақланиш учун алкогол маҳсулотларини тез-тез истеъмол қилиш лозим’ мазмунидаги хабарлар мутлақо ёлғон ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бундай SMS хабар юборилмаган. Мутахассисларнинг якдил хулосасига кўра, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш коронавирус инфекциясидан сақлай олмайди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Эронда 7 киши коронавирусдан ҳимояланиш учун метанол ичиб вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5 март куни Ўзбекистонда коронавирус тарқалганини рад этганига қарамай, аҳолини касалликдан ҳимояланишга ундовчи SMSлар жўната бошлаган эди.