Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианне Куппенс «Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиш эҳтимоли юқори эканини қайд этди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Лианне Куппенс

Фото: Халқаро пресс-клуб

Куппенснинг сўзларига кўра, айни вақтда Ўзбекистондаги аҳоли вакилларида коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқланмаган.

«Вирус юқумли бўлгани ва 6 та қитъани зарарлагани сабабли, унинг яқин орада Ўзбекистонга кириб келиши эҳтимоли юқори», – дея таъкидлаган ЖССТ вакили.

Куппенс ўзбекистонликларни огоҳ бўлишга, ЖССТ томонидан берилган тавсияларга, тозалик ва гигиенага риоя қилишга, бироқ, ваҳимага тушмасликка чақирган.

«Биз коронавируснинг олдини олишда фаол бўлишимиз лозим», – дея қўшимча қилган Куппенс.

ЖССТнинг Ўзбекистондаги вакилининг айтишича, дунёдаги бирорта давлат, ҳатто энг ривожланган мамлакат ҳам коронавирус оқибатларига тўлиқ тайёр бўла олмайди. ЖССТ бу борада Ўзбекистонга мониторинг қилишда, касалликни эрта босқичида аниқлашда, ташхис қўйиш имкониятларини кенгайтиришда, тиббий муассасаларни изоляция қилиш ва бу борада тиббиёт ходимларининг билим ҳамда салоҳиятини оширишда ёрдам бермоқда.

Доктор Куппенснинг фикрича, Ўзбекистон зарур чораларни кўриши лозим ва бу йўналишда ишлар фаол равишда олиб борилмоқда.

Куппенс Ўзбекистон ЖССТнинг барча тавсияларига амал қилаётганига ишонтирган.