16:21, 12.03.2020 // 40036

Россия Ўзбекистонга коронавирусни аниқлайдиган тест тизимини юборди

Ўзбекистон Россиядан коронавирусни аниқловчи тест тизимларини олди, деб хабар бермоқда «РИА Новости» Роспотребнадзорга таяниб.

Фото: «РИА Новости»

Қайд этилишича, коронавирус тарқалиши муносабати билан Роспотребнадзор эпидемиологик вазиятни мониторинг қилиш ва ёрдамга муҳтож давлатларга кўмак бериш мақсадида Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо мамлакатлар, Ўзбекистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Мўғулистон, Хитой ва Эронга тест тизимларини бепул юборган.

COVID-19 коронавирус инфекциясини лабораторияда аниқловчи жами 800 та тест тизими жўнатилган бўлиб, мутахассисларга 80 мингта тадқиқот ўтказиш имконини беради.

Аввалроқ ЖССТ вакили коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши эҳтимоли юқори эканини билдирганди.

Шавкат Мирзиёев 11 март куни мамлакатда жамоат саломатлигини таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказиб, коронавирусга қарши кураш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига топшириқлар берди.

 Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ўзбекистонда коронавирусни яшириш имконсизлигини, агар касаллик мамлакат ҳудудида қайд этиладиган бўлса, унга қарши кураш учун дори воситаларининг захираси, шунингдек, профилактика бўйича имкониятлар етарли эканини айтганди. Шунингдек, вазирлик спиртли ичимликлар ичишга ундовчи SMSларни юбормаганини, алкогол маҳсулотлари коронавирусдан ҳимоя қилмаслигини таъкидлаган.

Айни пайтда Ўзбекистонда 1900 дан ортиқ киши коронавирус бўйича тиббий кузатувда турибди. Мамлакатда шу кунгача коронавирус қайд этилмади.

Энг кўп ўқилган

Қидирув