Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида фуқаронинг 5 миллион сўмлик 2 бош қўйи ўғирланди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулова маълум қилмоқда.

Фото: «Darakchi.uz»

Маълум бўлишича, Деҳқонобод туманининг «Ойдин йўл» маҳалласида яшовчи Шерали Кўчимов туман ИИБ бошлиғига мурожаат қилиб, 2020 йил 25 февралдан 26 февралга ўтар кечаси номаълум шахслар яшаш уйидан жами нархи 5 миллион сўмлик 2 бош қўйини ўғирлаб кетганини айтган.

Фото: Деҳқонобод ИИБ

Туман ИИБ ходимларининг саъй-ҳаракати билан мазкур жиноят иши очилган. Аниқланишича, ушбу жиноятни 21 ёшли деҳқонободлик Ж.Қ. ва косонлик Х.О. содир этгани ошкор бўлган. Улардан 1 миллион 150 минг сўм пул далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

«Ёшларнинг ушбу қилмиши жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниб, маҳалла фаолларига уларни тўғри йўлга бошлаш масъулияти юклатилди», — дейди Ирода Расулова.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми «в», «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, Ж.Қ. ва Х.О. қўлга олинган.