Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 март куни мамлакатда жамоат саломатлигини таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Коронавирус ҳақида халқимиз билиши керак. Бутун дунё бўйлаб 100 дан ортиқ давлатда аломатлари аниқланди, десак тўғри бўлади. Мана, Европада жуда кучайиб кетяпти. Шунинг учун коронавирусга қарши эътиборни икки карра кўпайтирмасак, огоҳ бўлмасак, бу хавф-хатар иқтисодиётниям, сиёсатниям жой-жойига қўядиган вақт келган», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент матбуот хизматининг таъкидлашича, йиғилишда давлат раҳбари коронавирусга қарши кураш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига бир қатор топшириқлар берган.

«Ҳозирда жаҳон бўйлаб коронавирус инфекциясининг (COVID-19) тарқалиши Ўзбекистон аҳолисини ҳам маълум маънода хавотирга солмоқда. Дунёда жамоат саломатлиги тизимини, гўёки синовдан ўтказаётган ушбу хасталикнинг Ўзбекистонга кириб келмаслигини таъминлаш, аввало, мамлакатда соғлиқни сақлаш тизими, профилактика ишларини янада юқори даражага кўтаришни тақозо этади», — дейди Ўзбекистон Президенти.

Шавкат Мирзиёев жорий йил 31 январь куни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ташриф буюриб, олимлар, ёш тадқиқотчилар, ишлаб чиқариш вакиллари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан учрашган эди. Ўшанда давлат раҳбари айни вақтда нафақат Хитой, балки дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам қайд этилаётган коронавирус масаласига қисқача тўхталиб ўтган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус тарқалган 14 давлатдан келган фуқароларни карантинга олиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Айни пайтда Ўзбекистонда 1900 дан ортиқ киши коронавирус бўйича тиббий кузатувда турибди. Мамлакатда шу кунгача коронавирус қайд этилмади.