Россияда COVID-19 коронавируси тарқалиши фонида президент Владимир Путинни ҳимоя қилиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу ҳақда Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига асосланиб, «Коммерсантъ» хабар берди.

Фото: «РБК»

Унинг қўшимча қилишича, президент Францияга бориб келганидан кейин карантинга олинган депутат Сергей Катасонов билан алоқа қилмаган.

«Президентга кўрсатиладиган тиббий хизмат қандайдир эпидемиологик вазият билан боғлиқ эмас. У ҳар доим, мунтазам амалга оширилади. Шунинг учун президентни мавсумий, бошқа касалликлардан ҳимоя қилиш учун ҳамма чоралар кўрилмоқда», — деган Песков журналистларга.

Песков журналистларнинг «Путин коронавирус мавжудлигига текширувдан ўтказиладими?», деган саволига қуйидагича жавоб берган:

«Мен бундай маълумотга эга эмасман. Гап шундаки, президент саломатлиги ҳақидаги бундай маълумотлар кенг оммага эълон қилиш учун мўлжалланмаган».

У коронавирус президентнинг кун тартибига таъсир кўрсатмаганини маълум қилган.

Аввалроқ ҳам Кремлда Путинни коронавирусдан ҳимоя қилиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилган эди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитой ҳудудида коронавирус юқтирганларнинг умумий сони 80 793 кишини ташкил этиб, улардан 62 793 нафари соғайишга муваффақ бўлган. Эпидемия мамлакатнинг 3169 фуқаросини ҳаётдан олиб кетган. Шунга қарамай Хитойдаги эпидемиологик вазият тобора яхшиланмоқда. Хусусан, касалланган фуқароларнинг салкам 78 фоизи соғайди. Карантин ўчоғида жорий этилган карантин енгиллаштирилди.