Россияда бир суткада коронавирус юқтириш билан боғлиқ 11 та янги ҳолат қайд этилди. Касалланганларнинг барчаси Россия фуқаролари ҳисобланади. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: «Ведомости»

Маълум қилинишича, коронавирус Москвада беш кишида, Санкт-Петербургда уч кишида қайд этилган, яна уч кишининг вирус юқтириб олганлиги Москва ва Ленинград вилоятларида ҳамда Перм ўлкасида аниқланган. Барча касалланганлар махсус изоляторларга жойлаштирилган.

Касалланганларнинг асосий қисми сўнгги икки ҳафтада Италия, Франция ва Австрияда бўлиб қайтган. Яна бир киши аввалроқ касалланган киши билан мулоқотда бўлганидан кейин вирусга чалинган. Бу касалликни Россиянинг ўзида юқтириб олиш бўйича биринчи ҳолат ҳисобланади.

Россияда 13 март ҳолатига кўра, 45 кишида коронавирус аниқланган, уларнинг 42 нафари россиялик, икки нафари хитойлик ва бир нафари Италия фуқароси ҳисобланади. Аввалроқ Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги саккиз киши, шу жумладан, барча хорижликлар соғайгани ва касалхонадан чиқарилганини маълум қилган.

Аввалроқ, Россия италияликлар ва Апенин яриморолидан келган бошқа хорижликларга мамлакат ҳудудига киришни вақтинча тақиқлаган эди. Коронавируси тарқалиши фонида президент Владимир Путинни ҳимоя қилиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Хитойда коронавирус ҳақида илк марта ноябрь ойида маълум бўлгани аниқланди. Хитойлик шифокорлар коронавирус бепуштликка олиб келиши мумкинлигини маълум қилди

Бутун дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 128 минг кишидан ошиб кетди. Улардан 68 мингдан ортиғи даволанишга муваффақ бўлди, 4270 нафари вафот этган. Вируснинг энг йирик ўчоқлари Хитой (81 минг), Италия (12,4 минг), Эрон (10 минг), Жанубий Корея (7,8 минг), Франция, Испания ва Германия (2 мингга яқин) ҳамда АҚШ (987 нафар бемор) давлатлари бўлмоқда.