Apple компанияси COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишига халал бериш мақсадида Хитойдан ташқарида жойлашган барча чакана савдо дўконларини 27 мартга қадар ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда Apple раҳбари Тим Кукнинг баёнотида маълум қилинган.

Фото: Reuters

Коронавирус эпидемияси энди бошланган вақтда Apple компанияси Хитойдаги дўконларини вақтинча ёпишга қарор қилган эди. Ҳозирда бу дўконлар очилиб, яна мижозларга хизмат кўрсатишни бошлагани айтилмоқда.

Apple раҳбарининг қўшимча қилишича, компаниянинг бутун дунёдаги ходимлари имкониятдан келиб чиқиб уйдан ишлаш тартибига ўтмоқда.

Аввалроқ Apple компанияси дастурчилар учун ҳар йили Калифорнияда ўтказиб келган WWDC конференцияси бу йил июнь ойида, онлайн-форматда ўтказилиши маълум бўлган эди.