Россиялик бизнесмен Олег Дерипаска коронавирус инфекциясининг тарқалиши сабабли Россияда 60 кун давомида тўлиқ карантин жорий этиш ва шу вақт давомида чет элликлар учун чегараларни ёпиш ва оммавий тадбирларни бекор қилиш кераклигини айтди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.

Фото: «ТАСС»

«Бу ваҳима ёки жамиятнинг иложсиз аҳволининг намоён бўлиши эмас, балки ягона тўғри қарордир», — деб ёзган у ўзининг Telegram каналида. Унинг фикрича, агар яқин вақтларда чегаралар ёпилмаса, Россияда инфекциянинг тарқалиши ва касалланганлар сонининг ортишини тўхтатиб бўлмайди.

Дерипасканинг таъкидлашича, корхона ва давлат идоралари раҳбарлари 2 кун ичида карантинни таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши керак. Мамлакат коронавирус эпидемиясига тайёр эмас, россияликлар касалликнинг олдини олиш бўйича асосий хавфсизлик чораларига амал қилмаяпти.

«Бизнинг маданиятимиз, турмуш тарзимиз, эпидемияга муносабатимиз бизга ҳеч қанақасига муқобил тарзда яшаш ҳуқуқини бермайди. Метродан тушинг ёки савдо марказига боринг — ҳеч ким ниқоб тақмаяпти», —деган у.

Миллиардернинг сўзларига кўра, агар зарурий чоралар кўрилмаса, ҳукумат учун коронавирус инфекциясининг тарқалиши оқибатлари 1991 йилдаги давлат қулашидан ҳам жиддийроқ бўлади.

Россияда 13 март ҳолатига кўра, 45 кишида коронавирус аниқланган, уларнинг 42 нафари россиялик, икки нафари хитойлик ва бир нафари Италия фуқароси ҳисобланади. Аввалроқ Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги саккиз киши, шу жумладан, барча хорижликлар соғайгани ва касалхонадан чиқарилганини маълум қилган.

Коронавирус тарқалиши фонида президент Владимир Путинни ҳимоя қилиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.