«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қолаётган касб эгалари билан суҳбат қилмоқда. «Соядаги одамлар» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони – ўн йилдан буён гўзаллик салонида ишлаётган қиз.

Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, унинг исм-шарифи ҳамда шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар ўзгартирилди.

Асли воҳанинг энг чекка қишлоғиданман. Исмим Ҳуснора. Яқинда 29 ёшга кираман. Ҳали оила қурмаганман. Касбимга келсак, ўн йилдан бери пардозчилик билан шуғулланаман. Ўзимнинг шахсий гўзаллик салоним бор.

Фото: «Unsplash.com»

Оилада беш қизмиз. Мен энг кенжасиман. Опам туманимиздаги салонда пардозчи бўлиб ишларди. Мени бу соҳага айнан у қизиқтирган. Адашмасам, ўшанда 10-синфда ўқирдим. Опам «кел, пардоз қилишни ўргатаман, эртага бошқа соҳадан кетган тақдирингда ҳам бунинг сенга зиёни тегмайди», деб айтган. Очиғи, болалигимдан ясаниб, ўзимга қараб юришни яхши кўрганим учун жон деб рози бўлганман.

«Салончи»лик мен учун шунчаки ҳобби, асл ниятим — шифокор бўлиш одамларни дардига даво бўлиш эди. Мактабни битириб, тиббиёт университетига ўқишга топширдим. Лекин режаларим ўхшамади. Кейин турли хил курсларга бориб, шу ҳунарни астойдил ўрганишни бошладим. Туманимиздаги бир нечта гўзаллик салонларида ишладим.

Биласизми, ҳаётимизда бўлаётган ҳар бир нарса хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон бизга таъсир қилмай қолмас экан. Батафсил айтиб берадиган бўлсам, мен ишлайдиган салоннинг раҳбари Гуласал опа билан опа-сингилдек эдик. Ҳар доим бирга овқатланардик, дардимизни, қувончимизни бўлишардик. Мижозларим кўп, топиш-тутишим зўр, ҳаётимда ҳаммаси жойида эди.

Фото: «Unsplash.com»

Бир куни раҳбаримиз салонга янги ишчи олди. Кўнглим сездими, билмайман, унинг ўзини тутиши, юриш-туриши ёқмади. Қандайдир енгилтабиат аёлга ўхшарди. Ишимгами ёки опа билан жуда яқинлигимизга ҳасад қилдими, билмайман, мени йўқотиш учун туҳмат қилди.

Одатда ҳамманинг қулфланадиган шкафлари бор. У шампунини стол устида қолдириб кетган. Кечга яқин раҳбаримиз билан ўтирганда билмай мижознинг шампуни қолиб кетибди, шекилли, деб шкафимга солиб қўйдим. Эрталаб келсам, ҳамма менга бошқача қараяпти. Саломлашмасимдан ҳалиги опа «мана шу ўғри, шу шампунларимни ўғрилаган» деб менга ташланиб кетди. Нима бўлаётганини англолмай қолдим. Билишимча, эрталаб шампун жойида бўлмаган. Кимдир олиб қўйган. Охирида қолганим учун мендан гумон қилишган.

Салон раҳбарининг олдига бориб, «мени ахир уч йилдан бери биласиз, ёнингизда юраман», деб хафа бўлдим. Опа эса «энди мен билмадим» деб тураверди. Кўнглим қаттиқ оғриди. Мени шунча йилдан бери билган ҳамкасбларим кеча келган аёлнинг гапига ишониб, мени ўғри қилишди. Ораларида менга жой йўқлигини, раҳбарга мени салондан ҳайдаб юбориш кераклигини айтишди. Гуласал опа ўғрилик қилганимни ўз кўзи билан кўрмагани учун ҳайдолмаслигини айтди. «Сизларга ҳам, менга ҳам Худо бор. Опа ҳайдамагунича, салондан кетмайман», деб индамай ишимни қилавердим.

Фото: «Unsplash.com»

«Бировга чоҳ қазисанг, унга ўзинг тушасан», дейишганидек вақт ўтиб, аёлнинг ҳамма кирдикорларни фош бўлди. Салондан милиция ёрдамида шармандаларча чиқариб юборилди.

Бироқ раҳбаримиз билан орамиз ҳам бузилган эди. У салонда кўп ишлолмадим. Ишонасизми, ишдан бўшаётганимни айтганимда, ҳамкасбларим шундай хурсанд бўлишди. Буни ўзини тутиши ва кўзига қараб билиб олиш қийин эмас эди.

Кўнглим оғриди. Одатда бирон нарсадан хафа бўлсам, хатони ўзимдан қидираман. Уларга нима қилгандим, қачон дилига озор бергандим? Мени бунчалик ёмон кўришларига асос нима?, деб кўп ўйладим.

Тушундимки, одамларни сизни ёмон кўриши учун ҳар доим ҳам қандайдир сабаб бўлиши шарт эмас экан. Хуллас, Худога таваккал қилиб ишдан кетдим.

Фото: «Unsplash.com»

Ўз бизнесимни йўлга қўйдим

Бир ярим йил олдин маблағларим ҳисобига ва банкдан кредит олиб, шахсий гўзаллик салонимни очдим. Тўғри, бошида моддий тарафдан жуда кўп қийналдим. Йиғлаган кунларим кўп бўлди. Лекин ҳозир ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетди. Қарзларимни уздим.

Айни пайтда салонда бешта қиз ишлайди. Ижара пули ва солиқ ҳаражатларидан ортиб, йўқ деганда, бир ойда 5 миллион сўмга яқин даромад қиламан.

Фото: «Unsplash.com»

Салонда ишлайдиган аёллар енгилтак бўладими?

Айтингчи, бунақа инсонлар қайси соҳада йўқ? Докторларда йўқми ёки ўқитувчилар, чеварлар орасида йўқми? Ҳаммасида бор. Фақат «салончи»ларни айби ўзига қараб чиройли бўлиб юрганида. Шунинг учун ҳам уларники ошкор бўлиб қолади.

Бир кунда салонга нечта аёл келиб кетади. Дарди, муаммолари, эри ҳақида айтиб бериб ўтиради. Шунақа гапларни гапиришадики, эшитиб хулоса қилаверамиз.

Бошқа тарафдан олиб қараганда аёллар ўзига қараб, чиройли бўлиб юриши керак. Қўпол қилиб айтганда эрининг «юриб кетиши»га ҳам аёлнинг ўзи сабабчи бўлади. Салонга келган аёлларнинг аксарияти эри ўзгарганини, бировга илакишиб қолганини гапиради. Айбни ўзидан излаши кераклигини англамайди. Ҳар қандай эркак ёнида чиройли аёли бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун аёл минг банд бўлган тақдирда ҳам ўзи учун фурсат топиши керак.

Фото: «Unsplash.com»

Шахсий ҳаётимга ҳунаримни таъсири бўлмаган

Шу ёшгача турмушга чиқмаганлигимга салонда ишлашим сабаб бўлмаган. Шунчаки ҳали эрга тегмаган опам борлиги учун менга «оқ байроқ» тегишини кутганман. Мен яшаётган қишлоқнинг удумларига кўра, сингил опасидан олдин турмушга чиқмайди. Опамнинг тўйидан кейин мен ҳам севганимга унаштирилдим. Худо хоҳласа, яқинда тўйим бўлади.

Фото: «Unsplash.com»

Мени «мен» қилганларга раҳмат!

Ёшлигимнинг энг ширин дамлари шу касб билан ўтди. Бутун умримни сарфладим, бироқ бундан сира афсусланмайман.

Ҳаётда англаганим — инсон яхшиларни қадрлаши учун ёмонларга рўбарў бўлиши керак экан.

Душманларим сабаб яхшини ёмондан ажратишни, ҳаётингизда бўлган ҳар қандай мушкулот фақат яхшиликкалигини тушундим. Ўша пайтлари ёш бўлганимгами, улардан қанча хафа бўлганман. Тушкунликка тушиб қолганман, лекин бугун уларга раҳмат дейман. Агар қийинчиликлар, ёмон инсонлар, уларнинг турткиси бўлмаганида мен шу даражага етмасдим.

Бугун ҳаётимдан жуда мамнунман. Ота-онам, оилам соғ-саломат. Яқинда ўзим ёқтирган инсонимга турмушга чиқаман. Шахсий бизнесим бор. Бир қишлоқ қизи учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди. 

Аввалги соядаги одамлар: