Москва мэри Сергей Собянин коронавирус тарқалишига қарши кураш чоралари доирасида ўқувчилар ота-оналарининг ихтиёрига кўра 16 мартдан бошлаб пойтахтдаги мактабларга келиш-келмасликни эркин ҳал қилиш имконини берувчи қарорни имзолади. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.

Фото: «РИА Новости»

«Душанбадан бошлаб мактабга қатнаш ихтиёрий этиб белгиланади. Фарзанди мактабга боришда давом этадими ёки уйда қоладими — ота-оналарнинг ўзи ҳал қилади. Бу борада қандай йўл тутишни улар яхшироқ билади», — деган Москва мэри.

Бунинг учун мактаб маъмурияти масофадан туриб таълим олишга шароит яратиши лозимлигини таъкидлаган. Мактабга қатнайдиган ўқувчиларга эса дарс жараёни одатдагидек давом этади.

Шунингдек, коронавирус тарқалган давлатлардан келган ўқувчилар катталарга қандай тартибда бўлса худди шундай карантинда сақланишини айтиб ўтган.

Россияда 13 март ҳолатига кўра, 45 кишида коронавирус аниқланган, уларнинг 42 нафари россиялик, икки нафари хитойлик ва бир нафари Италия фуқароси ҳисобланади. Аввалроқ Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги саккиз киши, шу жумладан, барча хорижликлар соғайгани ва касалхонадан чиқарилганини маълум қилган.

Аввалроқ коронавирус сабаб Туркияда коронавирус туфайли барча таълим муассасалари ёпилгани, Қозоғистонда мактаб ўқувчилари таътилга эртароқ чиқадиган бўлгани,  Эммануэль Макрон Франциядаги барча таълим муассасаларини ёпиш бўйича топшириқ бергани хабар берилганди.