Россиянинг «ВимпелКом» телекоммуникацион компанияси коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли Beeline ходимларига масофадан туриб ишлашга рухсат берди. «РБК»нинг хабар беришича, бу ҳақда компания бош директори вазифасини бажарувчи Виктор Бирюковнинг ходимларга юборган хатида айтилган.

Фото: «Дарё»

Унга кўра 16 мартдан бошлаб ой охиригача ходимлар тўлиқ BeeFree масофавий ишлаш режимига ўтиши мумкин. Бунинг учун бевосита раҳбарият билан келишиш талаб этилади.

«Масофадан туриб ишлаш имконияти март ойининг охирига қадар сақланиб қолади, аммо биз вазиятни ривожланишини кузатиб борамиз ва кейинчалик унинг муддатига ҳам, шаклига ҳам ўзгариш киритилиши мумкин», — дейилган ходимларга юборилган хатда.

Маълумот учун, BeeFree дастури ходимларга бир неча кун офисга келмасдан туриб ишлаш имкониятидир. У «ВимпелКом»да 2016 йилдан жорий этилган бўлиб, компания бу орқали офисни ижарага бериш самарадорлигини оширишни мақсад қилган.

Аввалроқ Google коронавирус туфайли ўз ходимларига уйдан ишлашни тавсия қилгани, Apple раҳбари ҳам ишчиларга уйдан ишлашга рухсат бергани, Японияда давлат идораларига ходимларини уй шароитида ишлашга ўтказиш буюрилгани хабар берилганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 145 мингга етди. Улардан 71 мингдан ортиғи даволанишга муваффақ бўлди, 5429 нафари вафот этди.