Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» каналига таяниб, «Sof.uz» хабар берди.

Қонунга мувофиқ 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда мазкур қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.

Қонун билан Президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссиянинг мақоми, асосий вазифалари ва ваколатлари белгиланган.

Жумладан, комиссия Ўзбекистон фуқаролиги масалаларига оид илтимосномаларни кўриб чиқади, Президентга ушбу масалалар юзасидан таклифлар киритади.

Қонунга кўра Ўзбекистон фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик шакллантирилади.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради. Қонуннинг айрим моддалари ва бандлари 2020 йил 1 апрелдан эътиборан амалга киритилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти жорий йил 24 январь куни парламентга йўллаган Мурожаатномасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасида муҳим қадам қўйиш ва мамлакатда узоқ вақтдан бери яшаб келган, бироқ Ўзбекистон фуқароси мақомини олмаган инсонлар муаммосини қонунга мувофиқ ҳал этиш юзасидан ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўриш зарурлигини қайд этганди. Февраль ойининг охирида эса Олий Мажлис Сенати янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунини маъқуллаган эди.