15 март, якшанба куни, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокида коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларга бағишлаган матбуот анжуманида мамлакатда аҳолини тиббий ниқоблар билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Фото: «Дарё»

Бош вазир тиббий ниқоблар ва тиббиёт комбинезонларини ишлаб чиқариш ҳажми оширилгани, мамлакатда етарли даражада захира шакллантирилганини билдирган.

«Икки ой аввал тиббий ҳимоя воситалари Ўзбекистонда чиқарилмас эди. Соғлиқни сақлаш ходимлари учун ҳимоя комбинезонини икки ой ичида нафақат чиқаришни йўлга қўйдик, балки икки марта Хитойга ҳам жўнатдик, эртага Эронга юборамиз ва ўзимизда етарли миқдорда захира мавжуд.

Ниқобларни ишлаб чиқаришни уч ой аввалгига нисбатан ўн баробарга оширдик. Энг муҳими, ишлаб чиқарилган тиббий ниқоб ва бошқа керакли буюмларни чет элга экспорт қилиш тўхтатилади. Яъни уларнинг ҳаммаси ички бозорга бурилади. Ниқобларни эски нархига қайтариш бўйича ишлаймиз», — деди Абдулла Арипов.

Шунингдек, матбуот анжуманида 16 мартдан бошлаб хорижий давлатлар билан барча авиарейслар бекор қилиниши, автотранспорт воситасида Ўзбекистонга кириш-чиқиш тўхтатилиши таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, барча спорт (масалан, Суперлига), маданий (жумладан, концерт) ва бошқа тадбирлар, шунингдек, Наврўз тантаналари ва у билан боғлиқ бошқа оммавий маросимлар ҳам бекор қилинади (лекин тўйларни ўтказиш мумкин). Фуқароларга одам гавжум бўладиган жойларга боришдан тийилиш тавсия қилинмоқда. Барча давлат ва нодавлат ташкилотларга мажлислар ўтказишни тўхтатиш ҳақида топшириқ берилди, диний ташкилотларга эса ҳукумат диний йиғинларни тўхтатиб туриш илтимоси билан мурожаат қилган.

Карантин вақтида нарх-навони, айниқса, дори-дармон ва тиббиёт воситалари нархини асоссиз оширганларга кескин чоралар кўрилади, бу жараёнга Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат солиқ қўмитаси жалб қилиниши маълум қилинди.