АОКА директори Дилшод Саиджонов журналист ва блогерларга коронавирус ҳақида ёлғон ахборот тарқатганлик ва аҳолида ваҳима уйғонишига сабаб бўлганлик учун Ўзбекистон қонунчилигига кўра жиддий жазолар қўлланишини эслатиб ўтди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бугун Вазирлар Маҳкамасида бош вазир А.Арипов бошчилигида Ўзбекистонда коронавирусга қарши қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида комиссия йиғилиши ва ОАВ учун матбуот анжумани бўлиб ўтди. Журналист ва блогерларга етарлича ахборот берилди, саволларига батафсил жавоб келтирилди.

Шу аснода, барча ОАВ ва блогерларни ахборот соҳасида қонунчиликка жиддий ва тўлиқ амал қилишларини сўраймиз, яъни ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот тарқатиш «ОАВ тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддаси биринчи қисмини, Жиноят кодексини бузиш ҳисобланади ва жиноий жавобгарликка олиб келади.

Масалан, Жиноят кодекси, 244(1)-модда 2-қисми:

«Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек, фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек, диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар:

а) олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;

б) хизмат мавқеидан фойдаланиб;

в) диний ташкилотлардан, шунингдек, чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;

г) оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, — беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

Дилшод Саиджонов, АОКА директори

Аввал Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ биринчи ҳолат қайд этилгани, 11 март, чоршанба куни, Uzbekistan Airways’нинг Париж—Тошкент рейси билан учиб келган аёл 15 мартга ўтар кечаси Республика Вирусология институтига мурожаат қилгани ва таҳлил натижалари унинг коронавирусга чалингани маълум бўлган.

Бош вазир Абдулла Арипов иштирокидаги матбуот анжуманида аёлда коронавирус аниқлангач, унинг 9 нафар оила аъзоси, шунингдек, рейснинг Ўзбекистонда қолган йўловчилари ва улар билан мулоқотда бўлган одамлар — жами 150 киши изоляцияга олингани айтилган. 16 мартдан бошлаб хорижий давлатлар билан барча авиарейслар бекор қилиниб, автотранспорт воситасида Ўзбекистонга кириш-чиқиш тўхтатилади.

Коронавируснинг Ўзбекистондаги март ойида бўладиган тўйларга таъсир кўрсатмаслиги, ҳукумат Ўзбекистондаги диний идораларга диний маросимлар ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича илтимос билан мурожаат қилгани, шунингдек, барча спорт (масалан, Суперлига), маданий (жумладан, концерт) ва бошқа тадбирлар, шунингдек, Наврўз тантаналари ва у билан боғлиқ бошқа оммавий маросимлар ҳам бекор қилинган. Бош вазир иштирокидаги матбуот анжуманида болалар боғчалари, ўрта мактаблар ва олий таълим муассасалари (давлатникими, хусусийми, фарқи йўқ) карантинга ёпилиши ҳам айтилган. Коронавирус Ўзбекистондаги март ойида бўладиган тўйларга таъсир кўрсатмаслиги хабар қилинган.