Чеченистон раҳбари инсонларни коронавирусдан қўрқмасликка чақирди, деб хабар берди BBC.

Фото: BBC

Қодировнинг қайд этишича, бирон касалликдан ёки бошқа сабабларга кўра ҳамма бир кун ўлади.

Чеченистон раҳбари бу гапларни яқинда бўлиб ўтган, минтақада яшовчи одамларга қарата айтилган мажлисда таъкидлаб ўтди.

«Одамлар Хитойда пайдо бўлган вирусни деб ухламаяпти. Касаллик уларни ҳам нобуд қилишидан қўрқяпти. Кутиб туринг, кун келиб шундай ҳам ўласиз», — дейди Қодиров.

Қодиров чеченистонликларни тақдирга битилган кундан аввал ўлишга уринмасликка чақирди. У ҳамма коронавирус ҳақида гапираётгани, бироқ минглаб одамлар грипп ва бошқа юқумли касалликлардан ҳам ўлаётганини айтиб ўтди.

У янги турдаги вирусни соғлом одамлар тез енгиб ўтишини таъкидлади. Иммунитети паст инсонлар касалликни енга олмайди, деди у.

Шунинг учун Чеченистон раҳбари барчани иммунитетни мустаҳкамлашга чақирди.

У лимон ва асални сувга аралаштириб ичишни ва уйда ўтиришни тавсия қилди.

«Саримсоқ енг, қон тозаланади», — дея қўшимча қилди Қодиров.

Россияда 13 март ҳолатига кўра, 45 кишида коронавирус аниқланган, уларнинг 42 нафари россиялик, икки нафари хитойлик ва бир нафари Италия фуқароси ҳисобланади. Аввалроқ Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги саккиз киши, шу жумладан, барча хорижликлар соғайгани ва касалхонадан чиқарилганини маълум қилган.