Тошкент шаҳар ҳокимлиги коронавирус туфайли пойтахтдаги бозорларнинг ёпилиш ёки ёпилмаслиги борасидаги гап-сўзларга ойдинлик киритди.

Фото: «Дарё»

«Коронавирус профилактикаси чора-тадбирлари доирасида шаҳар бозорлари ёпилмайди. Уларнинг иш тартиби ўзгаришсиз қолдирилади», – дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарида.

Аввал Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ биринчи ҳолат қайд этилгани, 11 март, чоршанба куни, Uzbekistan Airways’нинг Париж—Тошкент рейси билан учиб келган аёл 15 мартга ўтар кечаси Республика Вирусология институтига мурожаат қилгани ва таҳлил натижалари унинг коронавирусга чалингани маълум бўлган.

Бош вазир Абдулла Арипов иштирокидаги матбуот анжуманида аёлда коронавирус аниқлангач, унинг 9 нафар оила аъзоси, шунингдек, рейснинг Ўзбекистонда қолган йўловчилари ва улар билан мулоқотда бўлган одамлар — жами 150 киши изоляцияга олингани айтилган. 16 мартдан бошлаб хорижий давлатлар билан барча авиарейслар бекор қилиниб, автотранспорт воситасида Ўзбекистонга кириш-чиқиш тўхтатилади.

Коронавируснинг Ўзбекистондаги март ойида бўладиган тўйларга таъсир кўрсатмаслиги, ҳукумат Ўзбекистондаги диний идораларга диний маросимлар ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича илтимос билан мурожаат қилгани, шунингдек, барча спорт (масалан, Суперлига), маданий (жумладан, концерт) ва бошқа тадбирлар, шунингдек, Наврўз тантаналари ва у билан боғлиқ бошқа оммавий маросимлар ҳам бекор қилингани ҳақида хабарлар берилган. Бош вазир иштирокидаги матбуот анжуманида болалар боғчалари, ўрта мактаблар ва олий таълим муассасалари (давлатникими, хусусийми, фарқи йўқ) карантинга ёпилиши ҳам айтилган.