Ўзбекистон 16 мартдан бошлаб бошқа давлатлар билан барча авиарейсларни бекор қилади, мамлакатга автотранспортда кириш-чиқиш йўллари ҳам ёпилади.
Бу ҳақда 15 март, якшанба куни, бўлиб ўтган махсус матбуот анжуманида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Тадбирда темир йўл қатновларини тўхтатиш масаласини ҳал қилиш учун кун, вақт ажратилгани маълум қилинди.
Бу қарор айни вақтда Россия ва бошқа давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон поездларининг қайтиб келиши билан боғлиқ экани таъкидланди.
Мавзуга доир: Коронавирус сабаб Ўзбекистондаги барча мактаблар, боғчалар ва ОТМлар карантинга ёпилади
Айни вақтда хорижда бўлиб турган, бироқ Ватанга қайтиш истагини билдирган ватандошлар чартер рейслар билан Ўзбекистонга қайтарилиши мумкин. Улар Ўзбекистонга қайтгач, икки ҳафта карантинда бўлади.
Коронавирус эпидемиясининг олдини олиш мақсадида олий таълим муассасаларида ўқиш тўхтатилгани муносабати билан, вилоятларда яшайдиган талабаларнинг уйга қайтиш харажатлари учун 50 фоизгача чегирма тақдим этилади.
Бундан ташқари, жамоат транспортининг шоҳбекатлари ва темир йўл деполарида йўловчи транспорти воситалари ҳар тўрт соатда дезинфекция қилиниши лозимлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Ўзбекистонда 15 март, якшанба куни, соат 6:00 да коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилгани, бемор ўзбекистонлик аёл экани ҳақида хабар берилган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, унинг оила аъзолари ҳам тиббий кузатувга олинган. Коронавирус аниқланган ўзбекистонлик аёл билан бирга 48 йўловчи Париждан учиб келган. Ушбу рейс йўловчиларининг барчаси изоляцияга олинади. Улар орасида 24 нафар транзит йўловчи, жумладан, тўрт нафар франциялик, бир нафардан Италия ва Бразилия фуқаролари бўлган.