Наманган шаҳар ҳокимлигида коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича махсус штаб ташкил этилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Мазкур штаб кўрсатмасига биноан, вилоят марказидаги барча бозорлар ва жамоат транспорти воситалари дезинфекциядан ўтказилди. Бозорларнинг узлуксиз ишлаши таъминланди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Шаҳардаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари, дўконлар, аҳоли гавжум бўладиган манзилларга коронавирусдан сақланиш усуллари кўрсатилган варақалар ёпиштирилди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Реклама таблоларида эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тайёрланган видеороликлар айлантирилмоқда.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Шаҳар ҳокимлиги штаби коронавирус ваҳимаси туфайли нарх-наво асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш бўйича ҳаракатларни ҳам мувофиқлаштирмоқда. Бунинг учун ташкил этилган ишонч телефонига ҳозиргача 100 дан ортиқ мурожаат келиб тушди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Мурожаатларда асосан бозор ва дўконларда картошка, ун, ёғ қимматлагани, Тошкент—Наманган йўналишидаги йўлкиралар ошгани, дорихоналарда тиббиёт ниқоблари ва қўлларни дезинфекцияловчи воситалар танқислиги юзага келганлиги билдирилган.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Шаҳардаги энг йирик Чорсу ва Сардоба бозорларидаги ўрганишлар чоғида картошка 2,5 минг сўмдан 5 минг сўмгача сотилаётгани маълум бўлди. Афсуски, картошкани қоплаб харид қилиб, сунъий тақчиллик келиб чиқиши ва нарх-наво ошишига харидорларнинг ўзи ҳам сабабчи бўлиб қолмоқда.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Ваҳоланки, вилоят марказига картошка етиштиришга ихтисослашган Янгиқўрғон тумани ва Россиядан 15 март, якшанба куни, ҳам катта миқдорда картошка етказиб келинган.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Шаҳар мутасаддилари ижтимоий тармоқлар орқали аҳолига мурожаат қилиб, ваҳимага ўрин йўқлиги, Наманганда етарлича озиқ-овқат захиралари мавжудлигини таъкидламоқда. Бу уринишлар ўз самарасини бериши ва маҳаллий бозорлар, дўконлардаги нарх-наво тез орада барқарорлашишига умид билдирилмоқда.