Ўзбекистонда коронавирусга чалингани аниқланган олти беморнинг аҳволи қониқарли. Бу ҳақда Вирусология илмий текшириш институти директори Эркин Мусабоев маълум қилди. Аввалроқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов биринчи беморнинг аҳволи қониқарли эканини маълум қилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан хабар беришларича, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида эпидемиологик суриштирув ва касаллик тарқалиб кетмаслиги учун барча профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда.

«Ҳозирга қадар коронавирус инфекцияси қайд этилган олти нафар бемор клиникамизга ётқизилган. Улар шифокорлар томонидан кеча-ю кундуз тиббий назоратга олинган. Умумий аҳволи доимий кузатувда. Айни пайтда уларнинг аҳволи қониқарли», — деди Мусабоев.

Институт директорининг таъкидлашича, ҳозиргача коронавирус аниқланган олти нафар бемор Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, белгиланган стантдартлар асосида даволанмоқда.

Ўз навбатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини ваҳимага берилмасликни чақирган. Қайд этишларича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва ушбу инфекцияга чалинган беморларни даволаш учун барча шароит яратилган.

«Жумладан, тиббиёт муассасалари зарур дори-дармон воситалари ҳамдамутахассислар билан етарли даражада таъминланган», — дейилади расмий ахборотда. Вазирлик шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишни сўраган.