Ҳукуматнинг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини янада соддалаштириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Фото: «Дарё»

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 июлгача Ўзбекистон фуқароларини доимий прописка қилиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш тартиб-таомиллари автоматлаштирилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Ички ишлар, Мудофаа, Адлия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, «Давергеодезкадастр» қўмитасига 2020 йил 1 июлгача фуқароларни доимий прописка қилиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш тартиб-таомилларини автоматлаштириш ва идоралараро электрон ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.

ИИВ фуқароларни доимий прописка қилиш билан боғлиқ ҳаракатларни идоралараро электрон ҳамкорлик орқали «Ягона дарча» тамойили асосида «Манзил» автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширишни таъминлайди.

Идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда фуқароларини доимий прописка қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида — 2020 йил 1 июлдан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилиши белгиланди.

2020 йил 1 июлгача ариза берувчилар томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида шахсий кабинет орқали доимий прописка билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш механизми жорий этилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 1 апрелдан бошлаб Тошкентдан пропискасиз уй олишга рухсат берувчи фармонни имзолагани, пропискасизлар учун алоҳида бож бекор қилиниши хабар берилган эди.