Ўзбекистонда коронавирусга чалинган фуқаролар сони олти нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистонда 15 март, якшанба куни коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилган эди. Вирус 11 март куни Франциядан қайтган аёлда аниқланган эди. Кейинроқ, 16 мартга ўтар кечаси COVID-19 коронавирус касаллигини юқтирган фуқаролар сони яна уч нафарга кўпайгани маълум бўлди.

Улардан бири 15 март куни тонгда Истанбулдан қайтган эркак бўлса, қолган икки нафари биринчи бемор — 11 март куни Франциядан қайтган аёлнинг ўғли ва қизи экани маълум қилинган эди. Маълум қилишларича, айни пайтда ушбу фуқаронинг турмуш ўртоғи ва неварасида ҳам коронавирус инфекцияси қайд этилган.

«Беморлар билан мулоқотда бўлганларнинг рўйхати олиниб, уларнинг саломатлиги устидан ҳам тиббий назорат ўрнатилди. Ҳозирда шифокорлар ва мутахассислар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даволаш ва эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида.

Аввалроқ ҳукумат Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилганидан сўнг бемор аёл билан билан мулоқотда бўлган тўққиз нафар (бошқа манбаларга кўра, 10 нафар) оила аъзоси изоляцияга олингани, умумий ҳисобда 150 киши изоляцияга олинганини маълум қилган эди.

Ўз навбатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги биринчи бемор билан бирга Франциядан учиб келган 24 ўзбекистонлик карантинга, уларни аэропортда кутиб олган 69 нафар чегара қўшинлари, божхона, аэропорт ходимлари 14 кунлик тиббий кузатувга олинганини маълум қилди.

Бундан ташқари, агентлик биринчи бемор аёл истиқомат қилган Қўйлиқдаги кўп қаватли уйда яшовчи 230 нафар фуқаронинг рўйхати шакллантирилиб, улар тиббий кузатувга олинганини ҳам маълум қилган эди.