Митти сайёралар кашф қилинишда давом этмоқда. «Дарё» колумнисти, физик олим Музаффар Қосимов навбатдаги коинот янгиликлари ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Google Photos

Плутон ва Церера ҳақидаги мақолаларимизни ўқиган бўлсангиз, «митти сайёра» тушунчаси ҳақида айтиб ўтган эдик. Узоқ йиллар Қуёш тизимининг тўққизинчи сайёраси саналган Плутон бу мақомдан маҳрум этилгач, у митти сайёралар сафидаги энг йирик объект бўлиб қолган эди. Ўшанда олимлар Плутон  шунчаки митти сайёралар ичида энг каттаси бўлгани учун биринчи бўлиб кашф қилинган ва унга ўхшаш митти сайёралар яна ўнлаб бўлса керак деган фикрни билдирган эди. Одатда, бундай митти сайёралар Нептун орбитасидан нарида жойлашгани учун улар транснептун объектлар дейилади. Масофа ўта олис бўлганидан уларни нафақат оддий кўз билан, балки кучли телескоплар орқали ҳам кўриб бўлмайди. Плутондан бошқа яна тўртта йирик транснептун объектни илк бора 2005 йилда астрономлар Майкл Браун ва Константин Батигин кашф қилди. Ўша кашфиёт ҳам аслида Койпер белбоғида митти сайёралар сони жуда кўп бўлиши мумкинлигига ишора қилган эди.

10 март санасида The Astrophysical Journal Supplement Series журналида эълон қилинган мақола юқоридаги тахминларнинг ҳақиқат эканини исботлади. Унда қайд этилишича, мавҳум энергия борасида тадқиқот олиб борувчи Dark Energy Survey лойиҳаси устида ишлаётган олимлар, 2013–2019 йиллар давомида олинган кузатиш натижаларини таҳлил қилиш орқали Қуёш тизимининг четки қисмида яна 139 та митти сайёра аниқлашди. Айтилишича, бу ҳали бошланиши.

Объектларнинг орбитаси 30 астрономик бирликдан (a.b.) 90 a.b. гача масофада жойлашган. Аниқланган митти сайёралардан ўнтаси эса Қуёшдан 150 a.b. дан ҳам нарироқда ҳаракатланади. Уларни аниқлаш учун олимлар сўнгги тўрт йил мобайнида олинган фотосуратлардаги етти миллиард нуқтанинг ҳаракатини таҳлил қилди. Астрономлар олинган 139 та янги объект борасидаги илмий натижадан ҳам кўра кўпроқ қўлланган янги услубнинг самарадорлигидан хурсанд бўлмоқда. Бу орқали яқин орада шундай митти сайёралар сонини 500 тагача бўлган сонда аниқлаш мумкин.