Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулла Азизов ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали солиқ қўмитасига энг кўп шикоят қайси соҳа вакилларидан тушаётганини маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Абдулла Азизов ишонч телефонлари ва Call-маркази ишлаб турганини таъкидлаган.

Раис ўринбосарининг маълум қилишича, марказга қўнғироқлар бўлмоқда ва ходимлар мурожаатчиларнинг саволларига жавоб бермоқда. Маълум бўлишича, энг кўп шикоятлар вилоятларга қатновчи таксичилар устидан тушмоқда.

«Ҳурматли такси ҳайдовчилари инсофли бўлиб, талабалар ўқишлари тўхтатилиб уйга қайтаётганларидан фойдаланиб, нархларни кўтарманглар», — деб ёзади Абдулла Азизов.

Эслатиб ўтамиз, 15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ биринчи ҳолат қайд этилди. Мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида, республикадаги барча ОТМ талабалари, мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига 16 мартдан таътил берилган. Тошкент автовокзалида чипталар учун узундан-узоқ навбатлар юзага келган.