16 март, душанба куни, дунёнинг турли бурчакларида олинган энг қизиқарли суратлар жамланмасини тақдим этамиз.
Ўзбекистонда коронавирус аниқланганидан сўнг ҳар ким ўзи учун шахсий гигиеник чораларни кўриб қўймоқда. Тошкентнинг Чилонзор туманидаги гавжум кўчада кетаётган йигит ниқоб ва қўлқоплар билан ҳимояланган. Орқа фондаги тозалаш ва ободонлаштириш ходимлари ҳам ҳимоя воситалари билан «қуролланган».
Фото: «Дарё»
Туркиянинг Ван вилоятида подачи янги туғилган қўзичоқни совуқдан ҳимоялаш учун қучоқлаб олган.
Фото: Anadolu Agency
Вашингтонда АҚШ президентлигига демократлардан номзодлар — собиқ вице-президент Жо Байден ва сенатор Берни Сандерснинг дебати ўтказилди. Коронавирус хавфи туфайли CNN студиясидаги дебат томошабинларсиз ўтказилди. Суратда икки номзод тирсакларини бир-бирига теккизиб, саломлашмоқда.
Фото: Reuters
Австралия коронавирус хавфи туфайли круиз кемаларини қабул қилишни тўхтатишидан бироз аввал Viking Orion лайнери Мельбурндаги портга келиб тўхташга улгурди. Бортда 724 киши бор.
Фото: EPA
Фаоллар Британия бош вазири қароргоҳи яқинида коронавирус тарқалаётган вақтда ЖССТнинг тавсияларига амал қилишга чақирди.
Фото: EPA
Мавзуга доир: «Ниқоблар тўғри тақилмаса, вирусдан ҳимоя қилмайди». Тиббиёт ниқобларининг фойда ва зарари ҳақида
Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари қайд этилганидан сўнг Тошкент шаҳрида йўл патруль хизмати ходимлари ҳам тиббий ниқобларни тақишни бошлади.
Фото: «Дарё»
Мавзуга доир: Ўзбекистонда кунига 500 минг дона тиббий ниқоб ишлаб чиқарилмоқда, уларнинг сонини 2 миллионтага етказиш мумкин
Коронавирус пандемияси вақтида талаб камайиб кетгани учун Нидерландиядаги энг катта аукционлардан бирида гуллар йўқ қилинмоқда.
Фото: PA Media
Манхэттендаги бўш кўчалардан бири. Нью-Йорк мэри коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун тунги клублар, концерт заллари, барлар, ресторанларни ёпишга қарор қилди.
Фото: Reuters
Хитойнинг Ухань шаҳрида волонтёр масофадан бошқариладиган робот ёрдамида кўчаларни дезинфекция қилмоқда.
Фото: AFP
Коронавирусдан ҳимояланиш учун ниқоб тақиб олган венесуэлаликлар Колумбия чегарасидан ўтишга уринмоқда.
Фото: AFP
Ливандаги қочоқлар лагерида суриялик аёл коронавирусдан ҳимоя воситаси сифатида ўғлига ниқоб тақиб қўймоқда.
Фото: Reuters
Мавзуга доир: Видео: Ўзбекистон Эронга коронавирусдан ҳимояланиш воситаларидан иборат гуманитар ёрдам жўнатди
Чилилик 22 ёшли талаба Густаво Гатика Брайл системасидаги Рубик кубигини ўйнамоқда. 2019 йилда полициянинг резина ўқидан яралангач, унинг иккала кўзи ҳам кўрмай қолган.
Фото: Reuters
Мавзуга доир: Коронавирусдан ҳимояланиш бўйича асосий чоралар
Тошкентдаги Махтумқули, Темур Малик, Паркент ва Оҳангарон кўчалари туташмасида қурилаётган уч қаватли кўприкда меҳнат қилаётган ишчи ниқобда иш жойига бормоқда.
Фото: «Дарё»
Мавзуга доир: Фото: Тошкентдаги уч қаватли остин-устун йўлда ҳаракат бошланди. Кўприк яқин вақт ичида тўлиқ очилиши кутилмоқда
Ёнаётган шиналар яқинида турган аёллар Суриянинг Идлиб вилоятидаги М4 трассасини биргаликда патруллаш бўйича Туркия ва Россиянинг келишувига қарши норозилик акцияси ўтказмоқда.
Фото: Reuters
Аввалги кунларнинг фотогалереялари:
- Ўзбекистонга келган коронавирус, бўш пештахталар, ҳарорат ўлчаётган монах. 15 март суратлари
- Кимсасиз Каъба, «Коронасур» деви, лифт тугмасини бармоқда босолмаётган эронлик. Ҳафта суратлари
- Осмондаги ёзув, ниқобсиз Ким Чен Ин, Меҳримоҳ султон масжидидаги дезинфекция. 13 мартнинг энг қизиқарли суратлари
- Коронавирус туфайли ҳиндча саломлашаётган Трамп, газниқобдаги ўқувчи, 100-қаватдаги кузатув майдони. 12 мартнинг энг қизиқарли суратлари