Ўзбекистонда карантин туфайли эълон қилинган таътил фақат боғча тарбияланувчилари, мактаб ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларига тааллуқли. Адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқуловнинг таъкидлашича, иш берувчи ва мутасадди вазирликнинг буйруғи чиққан тақдирдагина тарбиячи ва ўқитувчилар ҳам таътилга чиқиши мумкин, унгача улар хизмат вазифаларини бажариши шарт.

Фото: «Kun.uz»

Унинг сўзларига кўра, ходимларга таътил бериш масаласи қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши керак.

«Ҳозирги кунда бу масалада ҳукумат комиссияси қарори йўқ. Таътил тарбияланувчи, ўқувчи ва талабаларга берилди. Махсус комиссия қарорига асосан, мактаб, мактабгача таълим муассасалари ҳамда олий таълим муассасалари талабаларига таътил берилди. Буни тўғри тушунишимиз керак — дарслар ўқувчиларнинг йиғилиши билан боғлиқ бўлгани учун бу тадбир уларга нисбатан татбиқ қилиняпти», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Kun.uz».

Вазирнинг қайд этишича, давлат идоралари ёки таълим муассасаларининг ходимларига таътил белгилангани йўқ.

«Мажбурий таътил бериш ҳолатлари, яъни ходимга вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик белгиланганда ёки у касал бўлганда, ишга келиши шарт эмас, бу ҳақда иш берувчини хабардор қилса, кифоя. Бундай ҳолатда касаллик варақаси очилади, шунга асосан ходим ишга келмайди. Бошқа ҳолатларда ходимлар маъмурият буйруғи қабул қилинмагунича ишга келиши керак», — деди Акбар Тошқулов.

Вазир ўринбосари бундай вазиятда мактабгача таълим, халқ таълими ва олий таълим муассасалари маъмуриятлари зиммаларига қонун билан юклатилган вазифалардан келиб чиқиб иш тутишлари, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини биринчи ўринга қўйишлари кераклигини таъкидлади.

«Махсус комиссия барча ўқитувчиларга ҳам карантинни жорий қилиш бўйича қарор қабул қиладиган бўлса, улар ҳам карантин муносабати билан ишдан озод қилинади ва уларга қонунчиликда белгиланган миқдорда нафақа тўланади. Агар карантин жорий қилиниши ходимларга нисбатан ҳам бўлса, бундай ҳолатда ҳам иш берувчилар иш ҳақини маълум қисмини сақлаган ҳолда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик жорий қилинади», — деди.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик жорий этилганида, ходим 8 йилдан ортиқ ишлаётган бўлса, унга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида, ундан кам ишлаётган бўлса, 60 фоизи миқдорида иш ҳақини тўлаб бериш мажбурий бўлади.