Тошкентдаги «Чорсу» бозорида нотаниш эркак овозини қаттиқ кўтариб, «ҳамманг ёлғон, телевизор учун қиляпсан», деб одамларни атрофига йиғди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулла Азизов ўзининг Facebook’даги саҳифасида ёзиб қолдирди.

Фото: Facebook/Абдулла Азизов

Маълум бўлишича, муаммо саримсоқ пиёз нархи қимматлашганидан бошланган. Тўпланган одамлардан бири харидор аёлнинг қўлидаги саримсоққа ишора қилиб, унинг қимматлашганини айтган. «Окахонни олдига бориб гапирсам, ман сани эшитмайман, сан мани эшит — муносабат қилди», — дейди Абдулла Азизов.

Муаммони охиригача ўрганиш мақсадида нарх қаерда оширилганини сўраганида саримсоқ кўтариб турган аёл воқеа жойидан кетиб қолган. Аёлнинг қўлидаги саримсоқларни кўрсатган эркак эса Абдулла Азизовдан 500 доллар пул сўраган. ДСҚ раиси ўринбосарининг айтишича, бир кун аввал ҳам худди шундай вазият бўлган, бошқа бозорларда бу ҳолат кузатилмаган.

Фото: Facebook/Абдулла Азизов

Шунингдек, унинг таъкидлашича, саримсоқдан бошқа маҳсулотга нарх ошмаган. Сотувчилар унинг нархи килоси 40 минг сўм, донаси 2 000 сўмдан эканини айтган. Бироқ келишига яқин яширишга ҳаракат қилганини сезиб қолган. Демак нарх 40 минг сўм эмас, экан деб хулосага келган.

Гўштнинг бозорга кириш нархи кечагидан 2 000 сўмга пасайган, лекин сотув нархда катта ўзгариш йўқ, яъни эски нарх. Ун, ёғ, шакар, картошка, пиёз нархида ўзгариш сезилмаган. Одамлар сони кўп эмас, талаб бироз пасайган.

Абдулла Азизовнинг «Дарё»га қўшимча қилишича, одамлар бозорнинг қайси «точкалари»да нархлар борасида ўйин бўлаётганини айтса, назорат қилаётган ходимларга катта ёрдам берган бўлади. Унинг айтишича, ўзи бориб ўрганган «Чорсу» ҳамда «Аския» деҳқон бозорларида айрим харидорлар масъулларни кўрган заҳоти нарх назорати борасида қилинаётган ишларни қўллаб-қувватлаб, бундан мамнун эканлигини билдирган. Норозилик жиҳатлари бўлса айтиб, вазиятга тўла тушуниш билан ёндашган.

Фото: Facebook/Абдулла Азизов

Шу билан бирга, шошиб турган, бозор айланишга вақти йўқ, нархлар кўтарилиб кетаётгани ҳақида ваҳима қилаётган харидорлар айрим сотувчиларнинг қарамоғига тушиб қолиши ҳолатлари бўлаётганидан ҳам огоҳлантирди. Сотувчиларнинг айримлари нархларни харидорларнинг ҳолати, кўриниши, вазиятидан келиб чиқиб, белгилаётган вазиятлар борлиги, бу ҳақда хабар топилиши билан чора кўрилаётганини таъкидлади. Нархларни ўйин қилаётган сотувчиларни аниқлашда барча харидорларни огоҳ бўлишга чақирди.

Аввалроқ Давлат солиқ қўмитаси раиси озиқ-овқат маҳсулотлари нархи назоратга олинишини маълум қилганди. Тадбиркорлардан эса коронавирус карантини шароитида нархларни оширмаслик ҳақида кафолат хати олинмоқда.