Ўзбекистонга коронавирус инфекциясининг кириб келиши ортидан ижтимоий тармоқларда бу борада ёлғон ва асоссиз маълумотлар тарқала бошлади.

Фото: «Дарё»

Дўконларда, автобусларда ва кўчаларда болалар аниқланса, ота-оналари жаримага тортилиши, хавфсизликни таъминлаш мақсадида мактабларда рейдлар ўтказилиши, қўшимча дарслар ёки тўгаракларда иштирок этаётган ўқувчилар аниқланса, мактаблар жаримага тортилиши каби хабарлар шулар жумласидандир.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котибининг маълум қилишича, бу каби маълумотлар асоссиз бўлиб, Ўзбекистонда барча мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва олий таълим муассасалари коронавирус тарқалишига қарши профилактика мақсадида 16 мартдан карантинга ёпилган. Бу ҳақда 15 март, якшанба куни, бош вазир Абдулла Арипов иштирокидаги йиғилишда маълум қилинган.

Жиноят кодексининг 244-1-моддасига мувофиқ, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 44 миллион 600 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача (базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда) жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш эса 66 миллион 900 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача (базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда) жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Юқоридаги ҳаракатлар:

  • олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;
  • хизмат мавқеидан фойдаланиб;
  • диний ташкилотлардан, шунингдек, чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;
  • оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернет тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.