Коронавирус пандемияси туфайли карантин эълон қилингани муносабати билан, Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан биргаликда мамлакатда озиқ-овқат ва зарур тиббий буюмлар нархларини қаттиқ назоратга олди. Бу ҳақда ДСҚ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, тадбиркорларга сотилаётган маҳсулотлар нархини кўтармаслик ва бозорда барқарорликни сақлаш тўғрисида солиқ идораларига кафолат хати бериш бўйича иш олиб борилмоқда.

Давлат солиқ хизмати органларида Давлат солиқ инспекциялари, бошқармалар, шунингдек, давлат солиқ хизмати органлари ходимлари иштирокида махсус ишчи штаб ташкил этилган.

Барча йирик савдо марказлари, бозорлар, товар ишлаб чиқарувчилар, улгуржи етказиб берувчилар ва дорихоналарнинг батафсил рўйхати тузилган. Уларнинг ҳар бирига давлат солиқ хизмати бош бошқармасининг масъул ходимлари бириктирилган бўлиб, улар бугунги кунда нархлар барқарорлиги сақланишини назорат қилмоқда.

Хабарда айтилишича, карантин эълон қилингандан бошлаб 16 март куни соат 13:00 га қадар нархларнинг асоссиз оширилиши юзасидан фуқаролардан 247 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 80 фоизи зудлик билан ижобий ҳал этилган, қолган 20 фоизида ҳозирда профилактик чоралар кўрилмоқда.

Давлат солиқ қўмитасининг «Ишонч рақами» (71 244-98-98) ва 1198 қисқа рақами Call-маркази штат режимида ишламоқда.