Жаҳон бўйича коронавирусга чалинганлар сони 198 минг кишидан ошиб кетди. Жон Хопкинс университети маълумотарига кўра, беморларнинг 81 950 нафари соғайиб улгурган, 7948 нафари эса вафот этди.

Италиянинг Бергамо шаҳрида ҳимоя кийимларини кийиб олган ишчилар коронавирусдан вафот этган одамнинг тобутини қабристонга олиб келмоқда.

Фото: Reuters

17 март оқшомида Черногорияда COVID-19 коронавирусини юқтириб олиш билан боғлиқ дастлабки икки ҳолат рўйхатга олингани маълум қилинди. Вирус АҚШ ва Испаниядан келган беморларда аниқланган. Бунгача Черногория Европадаги коронавирусдан холи ягона мамлакат бўлиб турганди.

АҚШнинг барча 50 та штатида коронавирус аниқланди. Мамлакатда COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланган энг сўнгги штат Ғарбий Виржиния бўлди. Ҳозиргача Америкада 5800 дан ортиқ касалланиш ҳолати аниқланган, 100 дан ортиқ одам вафот этган.

Испания ҳукумати сўнгги бир сутка ичида мамлакатда 182 киши коронавирусдан вафот этганини маълум қилди, қурбонлар сони 491 нафаргача кўпайди. Испания қурбонлар сонининг шиддатли ўсиши бўйича Италиядан сўнг жаҳондаги иккинчи мамлакат бўлиб турибди. Мамлакатда 11 178 кишида вирус аниқланган. Маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги ярми Хитой томонидан беғараз тақдим этилган бир миллионга яқин тиббий ниқобларни шифокорларга тарқатишга қарор қилган.

Хитойда сўнгги бир сутка ичида яна 13 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди, эътиборли томони, янги беморларнинг 12 нафари Хитойга чет элдан кириб келганлар. Коронавирус инфекциясининг биринчи ўчоғи бўлган Хубэй провинциясида бир сутка ичида бир бемор рўйхатга олинган. Мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 80 894 кишига етган.