14:50, 18.03.2020 // 40333

Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тоқаев коронавирус билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев ҳамда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Суҳбат давомида эпидемиологик вазият ҳамда икки мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар батафсил муҳокама қилинди. Ушбу пандемияга қарши самарали курашиш ва эҳтимолий оқибатларни камайтириш мақсадида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш ва ўзаро мувофиқлашган ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди», – дейилади ахборотида.

Президентлар олий даражадаги ҳамкорлик ва икки мамлакат ҳукуматлари фаолиятини мувофиқлаштириш тўғрисида келишиб олди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш муҳимлиги тўғрисида фикр билдирилди.

«Давлат раҳбарлари коронавирус пандемиясининг тарқалиши билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилиб, касалликка қарши кураш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот алмашган», – дейилади Аккорда хабарда.

Маълумот учун, Қозоғистонда коронавирусни юқтириб олганлар сони 33 нафарга етган. Жумладан 15 та ҳолат Олмаотада қайд этилган. Мамлакатда оммавий тадбирлар бекор қилинди, мактаб ўқувчилари таътилга эртароқ чиқди, давлат органларига хорижга хизмат сафарига чиқиш тақиқланди. Фуқароларга қўл бериб кўришмаслик тавсия қилинди.

Мамлакатда коронавирус тарқалиши муносабати билан 16 мартдан 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат режими жорий қилинди. Бу даврда қозоғистонликлар мамлакатни тарк эта олмайди (хорижга даволаниш учун кетаётганлардан ташқари).

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олган фуқаролар сони 13 нафарга етди. Бунгача 11 март куни Франциядан (вирус 15 март куни аниқланган), 14 март куни Буюк Британиядан, 15 март куни Туркиядан қайтган, шунингдек, Дубайдан қайтган жами тўрт нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Бундан ташқари, Франциядан қайтган фуқаронинг ўғлиқизитурмуш ўртоғиневараси ва бир қариндошида, Туркиядан қайтган биринчи беморнинг рафиқаси ва улар билан бир рейсда бўлган яна бир фуқарода ҳам касаллик аниқлангани маълум қилинган эди.

Энг кўп ўқилган

Қидирув