Коронавирус пандемияси сабаб Чикагодаги Shedd Aquarium океанариуми ташриф буюрувчилар учун ёпилди. Океанариум ходимлари эса маҳаллий пингвинларни ҳудудга қўйиб юборди, эндиликда улар заллар бўйлаб сайр қилиб, балиқларни кузатмоқда, деб хабар беради CNN.

Кадр: Twitter / Shedd Aquarium

Океанариум вакиллари Twitter ижтимоий тармоғига Веллингтон лақабли пингвин қанотларини қоқиб аквариумдаги балиқларни томоша қилаётгани тасвирланган роликни жойлаштирди.

Орадан бироз вақт ўтиб Shedd Aquarium’нинг саҳифасида Эдвард ва Энни лақабли пингвинларнинг ролиги ҳам пайдо бўлган. Улар биргаликда сайр қилиб, ҳудудни ўрганмоқда.

«Ташриф буюрувчилар йўқлиги сабаб жонзотларни зериктирмасликнинг турли усулларини ўйлаб топяпмиз. Биз уларга янги машғулотлар ва янги озиқ-овқатни кўрсатдик, ҳаракатланишларига мажбурлаяпмиз, шунингдек, уларга ҳудудни яхшилаб татқиқ этиш ва ўзини худди ёввойи табиатда юргандек ҳис этиши учун имконият беряпмиз», — дейди океанариум вакили.