Черногорияда коронавирус билан касалланиш бўйича иккита ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати ўзининг Twitter’даги саҳифаси орқали маълум қилди. Шундай қилиб, Европада вирус қайд этилмаган бирор давлат қолмади.

Фото: Reuters

Таъкидланишича, коронавирус 1948 ҳамда 1973 йилда туғилган икки аёлда аниқланган. Аёлларнинг иккиси ҳам вирус тарқалиши қайд этилган жойга бўлган. 15 март куни бош вазир ўринбосари Милутин Симович Черногория — касаллик қайд этилмаган ягона давлат эканлигини маълум қилганди. Мамлакатга коронавирус кириб келишининг олдини олиш мақсадида хорижлик фуқаролар ташрифига чеклов ҳам ўрнатилган эди. Ушбу чекловлар Черногорияда доимий яшовчи фуқароларга, шунингдек, мамлакатга товарларни олиб келиш билан шуғулланувчи шахсларга тааллуқли эмаслиги айтилганди.

Черногория расмийлари чет элдан келган маҳаллий ва хорижий меҳмонлар изоляцияланишини талаб қилган. Бундан ташқари, мамлакатда тунги клублар, ресторанлар (уйга овқат етказиб берадиганлардан ташқари), савдо ва фитнес марказлар, шунингдек, бошқа қатор муассасалар 15 кунга ёпилган.

Аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон Шенген зонаси ва Европа Иттифоқининг ташқи чегаралари 17 мартдан кириш учун ёпилишини маълум қилганди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Хитой ташқарисида 86 434 та коронавирусни юқтириш ҳолати аниқланган. Дунё бўйлаб 16 март куни вирусни юқтириш билан боғлиқ 13 874 янги ҳолат қайд этилган.