Андижонлик тадбиркор кунига 20 минг дона тиббиёт ниқоби тайёрлаб, дорихоналарга 900 сўмдан етказиб бермоқда, — дея хабар беради «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистонда коронавирус пандемияси сабаб карантин эълон қилингач, ҳудудларда тиббиёт ниқоблари тақчиллиги кузатилди. Натижада ниқоблар нархида сунъий ўсиш юзага келди.

2018 йил август ойида Андижон шаҳрида фаолиятини бошлаган «Makro Farm Andijan» МЧЖ жорий йил март ойидан бошлаб тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Фото: «Дарё»

Жамият тизимидаги дорихоналар иш бошқарувчиси Ҳасанбой Мирҳакимовнинг айтишича, ҳозирда корхонада кунига 20 минг дона тиббиёт ниқоблари тайёрланмоқда. Ниқоблар жамиятга қарашли 20 та дорихонага тенг миқдорда тақсимланмоқда. Таннархи 900 сўмга тушаётган гигиеник-профилактика воситаси дорихоналарда 1000 сўмдан сотилмоқда.

«19 мартдан бошлаб кунлик ишлаб чиқариш ҳажми 40 минг донага етказилади. Айни пайтда бунинг учун зарур хом ашё олиб келинмоқда», — дейди Ҳасанбой Мирҳакимов.