Havoqand People компаниялар гуруҳи (Les Ailes, Chopar, Bro бургер ва бошқа лойиҳалар) асосчиси Аҳмад Мелибоев шериклар, ҳамкасблар ва ҳукуматни қўллаб-қувватлашга ва ўзаро ёрдамга чақириб, ўзининг Facebook’даги саҳифасига очиқ хат жойлаштирди. Қуйида унинг асосий қисмларидан парчалар келтирилди.

Фото: Facebook/Ahmad Melibayev

Бизнес хаста

Борини ёзаман... Ҳозирги пайтда мен ва менинг жамоам оғир паллани ўтказяпмиз. Сўнгги кунларда барча жараёнларни оптималлаштириш ва катта харажатларни камайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Бундай вазиатда фақат биз эмаслигимизни ишонч билан айтишим мумкин. Кўп ҳамкасбларим — тадбиркорлар ҳеч бўлмаса, борини йўқотмаслик учун курашмоқда.

Биз бу инқирозни бирга енгиб ўтамиз. Иншааллоҳ, барчаси якунланганда бирга иқтисод ва бизнесни тиклаймиз, албатта.

Биз билан биргаликда курашаётган ҳамкасблар, ҳамкорлар ва назорат органларига мурожат қилмоқчиман.

Келинглар биргаликда ҳаракат қилайлик.

Хавфсизлик чораларини бирга кўрайлик.

Бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик.

Атрофдаги ваҳимага қарши бирга кураш олиб борайлик.

Охирги ҳисоб-китобларга қараганда, биз 40 фоизгача савдо ҳажмини йўқотдик. Биламан, баъзи рестораторлар бундан ҳам ортиқ йўқотишган. Харажатлар ҳажми ҳозирча «эплаб туришга» қанчадур муддат фаолият юритиш имконини беради.

Биз 6 йилдан бери Ўзбекистон бозоридамиз ва ўз пойдеворимизни суғурталашга улгурганмиз. Лекин «янги новдалар»га нима бўлади? Яқинда бизнес оламига кирган тадбиркорлар ҳолати нима кечади?

Ортиқча ҳиссиёт ва ваҳимага берилмасдан, бизнесга ёрдам керак.

Бизга қўллаб-қувватлашларингиз керак

Мен жой ижарага берувчиларни ҳам шундай ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка чақираман. Тушунинг, шартларни қаттиқлаштириб, муроса йўлини танламасдан, сиз нафақат бизга зиён келтирасиз — ўзингизга ҳам. Барчамиз бир қайиқдамиз ва айнан сиз уни тебратяпсиз.

Шунингдек, назорат органларини, қаттий муддатли бўлмаган ҳисоботлар билан бизни юкламасликни илтимос қиламан. Ниманидир беркитаётганимиз учун эмас, балки бутун жамоамиз (барча каби бугунги кунда), ўзимиз ва мижозларимиз хавфсизлигини таъминлаш ҳаракатидамиз.

Ҳукумат вазиятни қўлга олиш мақсадида жуда катта ресурсларни йўналтирган. Мен буни чексиз қадрлайман, миннатдорман ва бу ишни қўллашга тайёрман, ҳар томонлама тайёрман.

Лекин, шу билан бирга, бизнесга аҳамият ва амалий ёрдам берилишини сўрайман. Кўп давлатлар буни кеч тушуниб етишди. Баъзи тармоқлар таназзулга учради. Туризмдаги вазият бунга мисол. Бизни нима кутяпти, буни ҳозирдан тушуниб етайлик. Умумий овқатланиш — бу ҳам туризм тармоғининг бир қисми. Horeca’нинг бўлаги. Ҳозир бизда тайёргарлик кўришга вақт ва имкон бор. Келинглар, бу имкониятдан фойдаланайлик.

Мени қандай тушунишларингдан қатъи назар, барчани бизнес ва тадбиркорликни қўллашга чақираман. Мен нафақат ўзимни, балки барча тадбиркорлар ҳақида гапиряпман. Онлайн-етказиш, take away, савдо билан шуғулланадиганлар ҳақида. Карантин — зарурий, керакли чора. Лекин сизни ёрдамингизсиз бу даврларда биз омон қола олмаймиз.

Биз ҳар бир филиалда тегишли чоралар кўряпмиз. Мен ва жамоам учун жуда муҳим, мижозларимиз ва ходимларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун барча ресурсларни йўналтирдик, инструксияларга амал қилиш — диққат эътиборимизда.

Бефарқ бўлмаган барчага миннатдорчилик билдираман. Ҳамкасбларга улкан сабр ва куч-қувват тилайман.