Goldman Sachs ва Morgan Stanley инвестиция банклари глобал инқироз бошланганини эълон қилди, деб ёзмоқда Bloomberg. Таҳлилчиларга кўра, ҳозир гап инқирознинг чуқурлиги ва мумкин бўлган давомийлиги ҳақида кетмоқда.

Фото: Bloomberg

Morgan Stanley иқтисодчисининг қайд этишича, у инқирозни 2020 йилда глобал иқтисодиёт учун асосий сценарий деб билади. Йил якунларига кўра, жаҳон иқтисодиётининг ўсиши 0,9 фоиздан ошмайди. Goldman Sachs вакилининг сўзларига кўра, глобал ялпи ички маҳсулот ўсиши 1,25 фоизга етади.

S&P рейтинг агентлиги 1-1,5 фоиз даражадаги ўсишни тахмин қилмоқда. Агентлик томонидан ўтказилган сўровда иштирок этган барча экспертлар инқироз 2008 йилдаги вазиятдагидек жиддий бўлмаслигини таъкидлаган. 2008 йилда глобал инқироз жаҳон ЯИМнинг 0,8 фоизга пасайишига олиб келган.

Нашрнинг қайд этишича, таҳлилчиларнинг салбий прогнозлари кўплиги турли мамлакатлардаги молия органларини ишлаб чиқарувчилар ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш чораларини кўришга ундайди.

Ҳозирча кўпчилик ҳукуматлар ва марказий банклар ўсиб бораётган инқирозга муносабат билдирмаяпти. Базавий ставкасини деярли нолга туширган АҚШ Федерал захира тизими фавқулодда чораларни кўраётган кам сонли ташкилотлардан бирига айланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларига кредит олган тадбиркорларга коронавирус сабаб имтиёз даври беришни тавсия қилди. Шунингдек, март ойининг бошида Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасини кўриб чиқиб, базавий ставкани ўзгаришсиз қолдирган ҳолда 16 фоиз деб белгилади.