Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг бошида коронавирус туфайли юзага келган ҳолат ҳақида гапирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари озиқ-овқат хавфсизлиги, касалликнинг тарқалиши олдини олиш борасидаги вазият назорат остида эканлигини маълум қилган.

«Прокурорлар юрсин бозорларда. Одамлар сезсин давлат назорати борлигини.

Бу нима деган гап, бошимизга кулфат тушган вақтда нархни кўтариш? Бугунги оғир кунларда инсофсизларча бозорларда нарх-навони кўтариб юбораётганларга қарата айтмоқчиман: буюрмайди! Бировнинг ташвиши эвазига топилган пул ҳеч кимга буюрмайди», — дейди Президент.

Давлат раҳбари бу вазият ҳаммани жипслаштириши кераклиги, ваҳима кўтариш эмас, ҳолатни тўғри ва содда тилда тушунтириш мақсадга мувофиқ эканлиги айтиб ўтди.

Йиғилишда коронавирус туфайли Ўзбекистон фуқаролари хорижда ишлаш имкониятларини ҳам йўқотганига эътибор қаратилган.

«Дунё давлатлари ёпилди. Очиғини айтиш керак, шу пайтгача хорижга иш излаб чиқиб кетаётган фуқароларимизни энди биров қабул қилмайди. Вазиятдан келиб чиқиб, уларнинг бандлигини таъминлашимиз шарт. Шу мақсадда апрель, май ойларида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ажратиладиган маблағларни икки баробарга оширишни режалаштиряпмиз», — деган Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ Ўзбекистондаги тадбиркорлардан коронавирус карантини шароитида нархларни оширмаслик ҳақида кафолат хати олинаётгани ҳақида хабар берилганди. Тиббий ниқоблар нега қимматлашганининг сабаби тушунтирилган эди. Қайси товарлар нархи сунъий оширилиб, халқни ғазаблантираётгани айтилди. Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 18 нафарга етди.