Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 20 март, жума куни, парламент қуйи палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров сўзга чиқиб, Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши ва унда белгиланган вазифаларни депутатлар ва сенаторларга етказди.

Фото: «Дарё»

Шунингдек, «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармоннинг мазмун-моҳиятини тушунтирди.

Uzreport’нинг ёзишича, ушбу фармон билан Молия вазирлиги ҳузурида ташкил қилинган 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича бир қатор тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади. Хусусан, даволаш ва бошқа муассасаларни зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ва тест тизимлари билан таъминлашга сарфланади.

Хавф-хатар остида бўлган ёки вирус юқтирганлар билан мулоқотда бўлган шахсларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, республика санитария-эпидемиология хизмати томонидан ҳимоя чораларини амалга ошириш харажатлари учун қўшимча маблағлар ажратилади.

Бундан ташқари, жамғарма маблағларидан тадбиркорлик ва бандликни, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш каби мақсадларга ҳам маблағлар ажратилади.

Шунингдек, фармон билан 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда Ўзбекистонда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилиши белгиланмоқда.

2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади. Қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилади. 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августга қадар, уларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилади.

Солиқ кодексига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш, шунингдек, уларнинг ставкаларини камайтириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати берилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан 6 ойга кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этишига рухсат берилди.

2020 йил 1 октябргача бўлган даврда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилади. Солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туради, шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўрмайди. 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатилди (жиноят ишлари доирасида ва юридик шахсни тугатиш муносабати билан солиқ аудитидан ўтказиш бундан мустасно).