Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвоси билан 17 мартдан беш вақт жамоат намозлари ва жума намозига жамланмаслик, балки намозларни уйда адо этиш вақтинча жорий этилди. Мусулмонлар идораси Фатво ҳайъати жума намозни 3—4 киши уйда ўқиб олиш мумкинми деган саволга жавоб берган.

Фото: «Дарё»

«Эртага жума куни бўлиши муносабати билан: ‘Жума намозини уйда ўқисак бўладими?’ – деган саволлар кўпайди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвосида ҳам жума намози ўрнига уйда пешин намози адо этилиши айтилган. Фиқҳий манбаларимизга мурожаат қиладиган бўлсак, жума намози дуруст бўлиши учун жума намозига давлат бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан умумий рухсат (изни омма) бўлиши, жума намозини одамларга муфтий томонидан тайинланган киши адо қилиб бериши керак.

Демак, жума намозини уйда ўқилганда мана шу шартлар топилмайди, натижада намоз дуруст бўлмайди. Бу ҳақида муҳаққиқ олим Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ: «Жумани адо қилиш учун умумий рухсат (изни омма) бўлиши шарт қилинган. Чунки жума – Ислом шиорларидан бири. Уни одамлар орасида очиқчасига қоим қилиш шарт бўлади», — дейилади хабарда.

Бу мавзуда Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: «Умумий рухсат – жоме масжиди очилиб, одамлар киришига рухсат бўлишидир. Ҳатто, агар масжидда бир жамоат йиғилиб, эшикни ёпиб олиб жума намозини ўқисалар, намозлари дуруст бўлмайди», — дея таъкидлаган.

Мусулмонлар идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбековнинг «Kun.uz» билан суҳбатида таъкидлашича, доимий равишда жамоат ёки жума намозини адо этиб юрган банда узрли сабаб боис, уни адо эта олмаса, Аллоҳ таборака ва таоло унга жамоат ва жума намози савобини беравериши ҳақида ривоятлар ворид бўлган.

«Кўпчилик намозхонларимизда жума намозини 3—4 киши бўлиб, уйда ўқиш мумкинми?», — деган саволга раис ўринбосари қуйидагича жавоб қайтарган.

Энди биз бир нарсани тўғри тушунишимиз керакки, бу фатво деганда, жума намозлари, жамоат намозларни вақтинчалик тўхтатиш, ёлғиз уйларда ўқишлик тавсияси беришлик – бу ҳамма учун. Жума намозини 3-4 киши бўлсак ҳам, уйда ўқиб олсак бўладими, деган саволлар бизларга ҳам берилмоқда. Бундан хабаримиз бор. Шу нарсани биз яна бир карра мўмин-мусулмонларга тушунтириб қўйишимиз керак бўладики, беш вақт намозни икки киши бўлса ҳам ўқиса, жамоат саналади, уйида, ўз оиласи билан жамоат бўлиб ўқиса, нур устига нур. Чунки, у одатий, кундалик намоз.

Аммо, жума намозининг ўқилишида фақатгина жамоат ҳозир бўлишининг кифоя эмас. Унинг алоҳида шартлари бор. У катта бир жоме бўлиши керак. Энг муҳими, китобларимизда айтиладики, жума намози ўқишга давлат томонидан ва муфтий томонидан рухсат бўлиши керак. Ўша рухсат берилган жойдагина, жума намози адо қилинади, деган шартлари бор.

Агар, шундай рухсат берилмаган жойда жума ўқилса-да, жумага ўтмайди, деган масалалар бор. Шунинг учун, фатвода очиқ-ойдин айтилиб қўйилдики, 3 киши, 4 киши эмас, 10 киши бўлса ҳам, келинг, бугун жума экан, унинг савобини топайлик, деб, жума намозини адо этса ҳам, у рухсатсиз ўқилган қаторига киради.

Ҳомиджон Ишматбеков, Мусулмонлар идораси раисининг биринчи ўринбосари