NASA 20 мартдан бошлаб коронавирус сабаб Ой ва Марсга учиши керак бўлган Space Launch System (SLS) ва Orion космик кемаларини йиғишни тўхтатди. Бу ҳақда Америка космик агентлигининг бош директори Жим Брайденстайн маълум қилди.

Фото: NASA

Касалликнинг АҚШда тарқалгани боис NASA ички чора кўриш тизимининг тўртинчи босқичига ўтди. У агентликнинг барча объектларини ёпиш, тўлиқ масофадан туриб ишлаш ва ходимларининг барча сафарларини бекор қилишни ўз ичига олади.

«Чекловлар COVID-19 инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ишлаб чиқаришда кўпая бошлагани, шунингдек, ходимлардан бири вирус билан касаллангани сабаб жорий этилди», — дейди Брайденстайн.

Ушбу чеклов чоралари сабаб SLS ва Orion космик кемаларини ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш тўхтатилади.

NASA Boeing компанияси билан ҳамкорликда SLS устида 2010 йилдан бери ишлаб келади. Кўп марта фойдаланишга мўлжалланган ушбу ракеталар бошқа сайёрларга парвозларни амалга ошириш, шунингдек, Orion космик кемасини Ойга учиришда фойдаланилади.

Аввалроқ NASA Хитойдаги фабрика ва заводларда иш тўхтагани, автомобиллардан атмосферага чиқаётган чиқиндиларнинг камайганлиги коронавирус тарқалишининг ижобий жиҳатларидан бирига айлангани ҳақида хабар берганди.