Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Telegramдаги @koronavirusinfouz расмий канали.

Хабар беришларича, Ўзбекистонда беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва мамлакат бўйлаб касалликнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида, шунингдек, мажлисда кўрилган бошқа масалалар юзасидан махсус комиссияси йиғилишининг қарори қабул қилинган.

Унга кўра, 21 мартдан эътиборан барча ҳудудларда фаолият юритаётган мавжуд кўнгилочар объектлар, шу жумладан, тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлари, чойхона, ошхона (уйга элтиб бериш хизмати бундан мустасно), караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти турлари коронавирус касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар тўхтатилади.

Шунингдек, 23 мартдан бошлаб «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинади. Ушбу маросимларни зарур бўлган тақдирдагина, ихчам ҳолда, яқинлар билан бирга 10-15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилади.

«Мажлисда айни пайтда чет элларда бўлиб турган фуқароларни мамлакатимизга қисқа вақтлар ичида олиб келиш ва уларни белгиланган тартибда 14 кун карантинда сақлаш юзасидан кўрилаётган чоралар атрофлича муҳокама қилинди», — дейилади эълон қилинган ахборотда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган фуқаролар сони 20 март куни 33 нафарга етгани маълум бўлди. Таъкидланишича, касалланган шахсларнинг 90 фоизи коронавирус аниқланган ўзбекистонлик биринчи ва иккинчи беморлар билан мулоқотда бўлганлардир.