Ўзбекистонда эпидемиологик вазият ҳозирда барқарор ва назорат остида бўлса-да, хавф тўла бартараф этилган дейишга ҳали эрта. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов «Дарё» мухбирига берган қисқа интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: «Дарё»

20 март куни соат 20:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 33 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Мамлакатнинг бош давлат санитария врачининг сўзларига кўра, инфекцияни юқтириб олганларнинг 90 фоизи биринчи ва иккинчи касалланиш ҳолатлари қайд этилганидан сўнг назоратга олинган шахслардир.

«Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг 90 фоизи назоратимизда турган, аввал аниқлаган биринчи ва иккинчи беморлар билан мулоқотда бўлган шахслардир. Ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида бу касалликнинг тарқалиб кетишига йўл қўйилмади», — деди Алматов.

«Лекин эпидемиологик жараён давом этмоқда. Эпидемиологик вазият ҳозирги кунда барқарор, назорат остида. Лекин барибир хавф бор. Шундан келиб чиқиб, кўрилаётган чораларни янада кучайтириб боряпмиз», — дея қўшимча қилди агентлик раҳбари.

Аввалроқ Баҳром Алматов Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олгани аниқланган илк беморлар соғая бошлагани ҳақида маълум қилган эди.