Ифлосланган мобил телефон орқали коронавирус инфекцияси юқиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг давлат бош санитария врачи Баҳром Алматов 21 март куни ташкил этилган брифингда маълум қилди.

«Коронавирус мобил телефонлар орқали юқадими, деган савол келиб тушяпти. Бугунги кунда энг кўп ишлатадиган буюмларимиздан бири — бу мобил телефон. Мобил телефонни тоза қўл билан ҳам ушлаймиз, эҳтиёжга қараб, қўлимиз бошқа предметни ушлаш ёки иш-юмуш қилиш жараёнида ифлосланган бўлса, унда ҳам мобил телефондан фойдаланишга тўғри келиши мумкин», — деди давлат бош санитария врачи.

«Мобил телефонларни ҳар хил бактериялар билан, вируслар билан, жумладан, коронавирус билан ифлосланиш эҳтимоли юқори. Шунинг учун ундан фойдаланганда, бошқа одамга берадиган бўлсак, албатта, юқиб қолиш эҳтимоли бор. Касаллик мобил алоқадан бевосита фойдаланиш вақтида, тўлқинлар орқали юқмайди. Буни тўғри тушуниб олиш керак», — дея қўшимча қилди Баҳром Алматов.

Аввалроқ мамлакатнинг бош давлат санитария врачи Баҳром Алматов Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк беморлар соғаяётгани, коронавирусга чалинган беморларнинг 90 фоизи биринчи ва иккинчи касалланган билан мулоқотда бўлган шахслар эканини маълум қилган эди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 37 нафарга етган.