Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 37 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, янги касалланиш ҳолатлари карантинга олинган шахслар орасида аниқланган, улар Вирусология институтида шифокорлар назорати остида, аҳволи яхши.

20 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 33 нафарга етган эди — касалланганлар сони бир суткада 10 кишига кўпайганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларнинг тўққиз нафари касаллиги аввал аниқланган шахсларнинг қариндошлари, яна бири эса яқинда хориждан келган фуқаро эканини маълум қилган, бироқ айнан кимларнинг қариндоши эканига, хориждан келган фуқаро айнан қаердан, қачон, неча нафар йўловчи билан бирга келганига аниқлик киритмаган эди.

Дастлабки 23 бемор ҳақида

Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат 15 март куни қайд этилди — шу куни 11 мартда Франциядан қайтган шифокорнинг таҳлиллари коронавирусга ижоби натижа берди. Кейинчалик (19 март соат 23:59 ҳолатига кўра) унинг ўғли, қизи, турмуш ўртоғи, невараси, онаси, келини, яна тўрт қариндоши, шунингдек, бир ҳамкасбида ҳам касаллик чиқди.

Бундан ташқари, 19 март соат 23:59 ҳолатига кўра, 15 март куни тонгда Истанбулдан Тошкентга келиб қўнган HY274 рейсининг олти йўловчисида (улар орасида икки эр-хотин ҳам бор), 14 март куни Лондондан Тошкентга келиб қўнган HY202 рейсининг тўрт йўловчисида, шунингдек, Дубайдан келган, бироқ айнан қачон келгани айтилмаган бир фуқарода ҳам коронавирус аниқланган эди.

Аввалроқ мамлакатнинг бош давлат санитария врачи Баҳром Алматов Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк беморлар соғаяётгани, коронавирусга чалинган беморларнинг 90 фоизи биринчи ва иккинчи касалланган билан мулоқотда бўлган шахслар эканини маълум қилган эди.

Тузатиш: Хабарнинг дастлабки таҳририда тўрт нафар янги беморнинг коронавирусни қандай юқтиргани, қаерда даволанаётгани ва жорий аҳволи ҳақида маълумот берилмагани ҳақида таъкид бор эди. Бу хато — «Ўзбекистон 24» телеканалида бу ҳақда қисқа ахборот берилгани маълум қилинди. Бу хатолик учун муштарийлардан узр сўраймиз.