Туркиянинг энг кўп гонорар олувчи актёрлари рейтинги эълон қилинди, деб ёзади «RusTurkey.com».

Фото: «RusTurkey.com»

Ушбу рейтингнинг биринчи ўрнини «Севги изтироби» фильмидаги Камол образи билан ўзбек томошабинларига яхши таниш Бурак Ўзчивит забт этди. Актёр сериалнинг бир қисми учун 210 минг лира (32 минг доллар) олади.

Шунингдек, «Муҳташам юз йил» фильми бош рол ижрочилари Холид Эргенч ва Марем Узерли ҳам Туркиянинг энг кўп ҳақ тўланадиган актёрлари сифатида қайд этилган. Холид Эргенч сериалнинг бир қисми учун 170 минг лира (26 минг доллар), Узерли эса 90 минг лира (14 минг доллар) олади.

Туркиялик ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ушбу рейтингдан норозилик билдириб, аслида Холид Эргенч Ўзчивитдан кўпроқ пул олишга муносиб эканлигини ёзиб қолдирган.

Марям Узерли журналистларга Туркияда актёрлар актрисалардан кўра кўпроқ пул олишидан шикоят қилган.

Эслатиб ўтамиз, Бурак Ўзчивит бир йил аввал Тошкентга келиб, Ўзбекистондаги нуфузли шахсларнинг рафиқалари, бизнес-ледилар, модел бизнеси вакилалари билан зиёфатда иштирок этганди. Хабарларга кўра, ўз истеъдодини қадрловчи аёллар билан 2,5 соатлик мулоқоти эвазига у 2 миллион турк лираси (қарийб 380 минг доллар) пул ишлаб олган.