Жеймс Бонд роли билан машҳурликка эришган Голливуд актёри Дэниэл Крейг 2018 йилда Sunday Times версияси бўйича илк бор дунёнинг энг бой инсонлари қаторидан ўрин олган. Ўша вақтда Крейг 125 миллион фунт стерлинг жамғаришга улгурган. Аммо бу пулларнинг бир сенти ҳам унинг фарзандларига насиб этмайди, деб хабар беради Hellomagazine.

Фото: Hellomagazine

«Кейинги авлод вакилларига катта маблағ қолдиришни истамайман. Мерос — у қадар ёқимли нарса эмас. Шу сабабли бу борадаги фалсафам: вафот этгунимга қадар барча пулларни ишлатиб ёки шунчаки тарқатиб юбориш. Бунинг устига ‘Бой ҳолда ўлсангиз, омадсизликка юз тутасиз’, деб бекорга айтишмайдику», — дейди актёр.

Эслатиб ўтамиз, Дэниэл Крейг — икки қизнинг отаси. 28 ёшли Элла исмли қизи собиқ турмуш ўртоғи Фиона Лаудондан. Иккинчи қизини Рейчел Вайс дунёга келтирган бўлиб, 2018 йилда туғилган, бироқ ҳалигача унинг исмини сир сақлаб келишади.

Таъкидлаш керакки, Дэниэл Крейг ўз фарзандларини меросдан маҳрум қилган ягона машҳур эмас. Масалан, Microsoft асосчиси Билл Гейтс ҳам миллиардлаб долларини хайрияга сарфламоқда. Шунингдек, Нью-Йорк собиқ мэри Майкл Блумберг ҳамда eBay асосчиси Пьер Омидьяр ҳам худди шундай йўл тутган. «Юлдузлар жанги» режиссёри ва Pixar киностудияси асосчиси Жорж Лукас ўз бойлигини (5 миллиард долларга яқин) таълимни яхшилашга йўналтиришини ваъда қилган.