Тошкент вилояти ИИББ коронавирусга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар доирасида Бўстонлиқ туманида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланганлигини ва дам олиш масканларида дезинфекциялаш ишлари бошланганлигини хабар қилди.

Фото: «Дарё»

Тошкент вилояти ИИББ барча фуқаролардан махсус профилактик тадбирлар тугагунига қадар Бўстонлиқ туманига бормасликни ҳамда юзага келган вазиятни тўғри баҳолашни сўраган.

Бўстонлиқ тумани ҳудудида ҳаракатланишга фақатгина шу жойда рўйхатда турувчи маҳаллий аҳолига рухсат этилади, дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкент вилоятида коронавирус аниқланган фуқаролар сони 9 нафарни ташкил этгани, шунингдек, вилоятдаги барча буюм бозорлари фаолияти вақтинча тўхтатилиши, пойтахт Тошкент шаҳри эса 24 март куни соат 00:01 дан бошлаб ёпилиши ҳақида хабарлар берилганди.